Ўш воқеалари, Каримов ва Отунбаева. Ўзбеклар қирғини қандай рўй берганди?

Таҳлил

image
0:00
0:00
download
Собиқ Президентга ўзбеклар билан боғлиқ воқеа бўйича жиноий иш очилиши мумкин north_east

Собиқ Президентга ўзбеклар билан боғлиқ воқеа бўйича жиноий иш очилиши мумкин

2010 йилнинг июнь ойи Қирғизистоннинг жануби. Маҳаллий қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида этник можаро чиқди. “Ўш воқеалари” номи билан тарихга кирган ушбу низо оқибатида 500 га яқин инсон ҳалок бўлди. Жароҳатланганлар сони мингдан, қўшни Ўзбекистонга қочиб ўтганлар сони эса юз мингдан ошди. Бундан ташқари 3,5 мингдан ортиқ кўчмас мулк вайрон қилинди. Шундан атига 275 таси давлатга тегишли, қолган катта қисми эса маҳаллий аҳолининг бошпанаси эди. Ушбу статистика воқеанинг кўламидан далолат: ёнган уйлар, қонга беланган қўллар, яқинларидан айрилган инсонлар.  

Ушбу фожиага яқинда 11 йил тўлади. Бироқ ўша даҳшатлардан жовдираган кўзлар ҳалигача кўп саволларига жавоб топа олмагани аниқ. Орадан йиллар ўтганига қарамай, Қирғизистоннинг бугунги ҳукумати 2010 йил воқеаларининг сабаб ва омилларига аниқлик киритишга қарор қилди: мамлакатнинг амалдаги Президенти Садир Жапаров кўрсатмаси билан ўша даврда Қирғизистонни бошқарган Муваққат ҳукуматга қарши қўзғатилган жиноят иши бўйича қайта тергов бошланди. Ишни эса Қамчибек Тошиев раислигидаги Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси олиб бормоқда

Фото: Алмазбек Атамбоев ва Роза Отунбаева

Жапаровнинг ушбу кўрсатмасидан сўнг, Қирғизистон оммавий ахборот воситалари Қурманбек Бакиевдан сўнг ҳокимият тепасига келган ва Муваққат ҳукуматни бошқарган собиқ Президент Роза Отунбаеванинг панжара ортига тушиши мумкинлиги ҳақида бонг ура бошлади. Бундан ташқари, Жапаров ва Тошиевнинг ушбу ҳаракатларидан хавотирга тушиб қолган Отунбаеванинг ўзи бу икковлонни Ўшдаги қирғиннинг “қора қути”сини очмасликка чақирди. Акс ҳолда, унинг ҳам айтар гаплари борлиги, яхшиси ҳозир ҳукуматда турганлар вақти келганда тинч кетиш ва мамлакат бирлиги ҳақида ўйлаши кераклигини айтиб чиқди. Хўш, Отунбаева ўзи ким ва нега унга қамоқ жазоси хавф солиши мумкин?  

Ўшдан чиққан аёл Президент 

Роза Отунбаева – қирғизистонлик сиёсатчи. Унинг ёшлиги Ўш вилоятида ўтган, мактабни ҳам олтин медалга айнан шу вилоятда тамомлаган.

Фото: Роза Отунбаеванинг ёшлиги

Қирғизистон Олий суди судьясининг қизи Роза Москвада ўқиди, Германияда амалиёт ўтади. Унинг сиёсатдаги карьераси анча эрта бошланди: 44 ёшида қирғиз қиз мамлакат Ташқи ишлар вазирига айланди. Кейинчалик бир муддатга бўлса-да мамлакатни бошқаришга ҳам муваффақ бўлди. Унга хавф солаётган қамоқ жазоси ҳам айнан шу, мамлакатга раҳбарлик қилган даври билан боғлиқ.   

Роза Отунбаева – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) мамлакатлари орасидаги биринчи аёл Президент. У 2010-2011 йилларда Қирғизистон Муваққат ҳукуматига раҳбарлик қилган. 2010 йилнинг ёзида Қирғизистон жанубида бўлган ўзбеклар ва қирғизлар ўртасидаги этник можаро айнан у улғайган вилоят Ўшда, айнан унинг президентлик даврида юз берган.

“Ўш деса, ёши катталарни эти жимирлайди”. Ўшда ўзи нималар бўлганди?

Дастлаб, воқеалар ривожи Қирғизистонда 2010 йилнинг апрель ойида бўлиб ўтган давлат тўнтариши билан бошланди. Ҳокимиятдан ағдарилган Қирғизистон Президенти Курманбек Бакиев Беларусдан сиёсий бошпана сўраб, мамлакатдан қочиб кетди. Роза Отунбаева бошчилигидаги Муваққат ҳукумат Президентсиз қолган Қирғизистонда ҳокимиятни ўз қўлига олди. Бу эса мамлакатдаги сиёсий вазиятни ўнгламади, аксинча, миллатлараро тўқнашув вужудга келди. 2010 йилнинг июнига келиб, Қирғизистоннинг Ўш, Баткен ва Жалолобод вилоятларида маҳаллий ўзбек ва қирғизлар ўртасида кенг қамровли можаро содир бўлди.

Фото: Ўш воқеаларидан жабр кўрган ўзбеклар

Кўплаб манбаларда 2010 йил май-июнь ойларида Қирғизистоннинг жанубида юз берган аянчли воқеалардан, асосан, ўзбек миллатига мансуб аҳоли жабр кўргани айтилади. Негаки, Ўш ва Жалолобод вилоятлари аҳолисининг катта қисмини ўзбеклар ташкил қилади. Тартибсизликлар пайти воқеа жойида бўлган кўплаб қирғизистонликлар ушбу икки ҳудуддаги йирик босқинни бевосита миллатчилик билан боғлашади. 2010 йилги воқеаларда Ўш ва Жалолободдаги ўзбекларнинг уйлари вайрон қилинган, одамлар тириклайин ёқилган. Ҳаттоки, бешикдаги болаларга ҳам раҳм қилинмаган. Бу воқеаларга Қирғизистон армияси ва бошқа кучишлатар тузилмалари ҳам қаршилик кўрсатмаган.

Ўзбекистоннинг тутган позицияси

2010 йилда юз берган инқироз Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов учун қайсидир маънода янгилик эмасди. У бундай фавқулодда вазиятларга олдин ҳам гувоҳ бўлган. Хусусан, СССР парчаланиши арафасида советларнинг босқинчиларга хос бўлган “бўлиб ташла ва ҳукумронлик қил” сиёсати ўз мевасини бераётган эди. 

СССР таркибида тузилган мустақил республикалар чегараси ўтган асрнинг 20-30-йилларида шундай “маҳорат” билан чизилган эдики, мабодо улар мустақил бўлишга интилса, албатта, ўзига қўшни бўлган давлатлар билан можарога бориши ва ҳатто, урушга кириши керак бўлган. Тарихан бундай тактика босқинчи давлатга мустақил бўлишга интилган мамлакатларни ўз таркибида ушлаб қолишда қўл келган. 

Ўтган асрнинг 90-йилларида Грузия, Чеченистон, Тоғли Қорабоғ ҳамда Қирғизистон миллатлараро конфликтни бошдан кечирган. Ушбу даврда Ўзбекистон ССРга раҳбарлик қилган Ислом Каримов юқоридаги ҳолатларнинг гувоҳи бўлган.

2010 йилга келиб, мустақил Ўзбекистоннинг Президенти Ислом Каримовнинг ўзи бундай сиёсий имтиҳондан ўтишига тўғри келди. Қирғизистоннинг жанубида қирғинга учраган ўзбек миллатининг 100 минглаб вакили Ўзбекистон томонга қочиб ўтган. Ўзбекистоннинг ўша вақтдаги Ҳукумати улар учун Андижон вилоятида вақтинчалик махсус лагерлар ташкил қилган, яшаш учун керакли бўлган барча бирламчи манбалар билан таъминлаган.

Каримовнинг олдида Қирғизистон томонидан келганларга ёрдам кўрсатиш, бошпана беришдан ҳам кўра оғирроқ вазифа бор эди. Табиийки, бундай пайтда Ўзбекистон аҳолиси орасида Қирғизистондаги миллатдошлари ва кўпчиликнинг қариндошлари қирғинга учраётгани ҳақидаги агрессив характерга эга хабарлар тарқалган. Каримовнинг вазифаси эса Ўзбекистонда яшовчи ўзбекларга чегарани бузиб, Қирғизистон томонга ўтиш ва Ўшдаги можарога қўшилишга йўл қўймаслик бўлган. Бу вазифа эса аъло даражада бажарилган.

Отунбаеванинг ўзи Каримов намойиш этган характерни донолик даражасида олқишлаган. 

“2010 йил 11 июнь куни мен Каримов билан гаплашдим. У чегарани ёпишини ва ҳеч кимни ўтказмаслигини айтди. Уларнинг орасида ҳам қариндошларига, миллатдошларига ёрдам беришни истаган кўплаб ватанпарварлар бор эди. Агар улар Қирғизистонга ўтганида, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида уруш бошланиши мумкин эди. Каримов буни сезди ва тўғри қарор қабул қилди. Уларнинг орасида қароқчилари, назоратсиз гуруҳлари ҳам бўлган, аммо Каримов бундай можаронинг олдини олишга муваффақ бўлди. У Қирғизистонга ўша вазиятдан чиқиши учун шароит яратиб берди, десам адашмайман”, деган эди Отунбоева.

Тагига етилмаган текшир-текширлар 

2010 йилнинг июнида юз берган этник можародан сўнг, ўша йилнинг ўзидаёқ фожиа сабабларини ўрганиш учун дарҳол бир нечта турли хил комиссиялар ташкил этилди – халқаро, миллий, мустақил. Миллий комиссия ишига алоҳида эътибор қаратилди. Чунки ушбу комиссия мамлакат расмийлари ташаббуси билан тузилган ва ҳар ким ўз ишининг натижалари қандай бўлишига қизиқиш билдирганди. Натижа эса кутилганидан ҳам ошиб тушди. Отунбаева раҳбарлик қилган Муваққат ҳукумат кўплаб танқидларга учради.

Фото: Миллий комиссия раҳбари Абдуғани Эркебаев

2010 йилнинг охирида терговни тугатган Миллий комиссия раҳбари Абдуғани Эркебаев мамлакат парламентида маъруза қилди ва баланд минбардан туриб, қирғизлар ва ўзбеклар ўртасидаги ҳақиқий қирғиннинг олдини олишда муваффақиятсизликка учраган Муваққат ҳукуматни айблади.

“Июнь воқеалари учун айбнинг бир қисми Муваққат ҳукуматнинг бўйнида”, дейди Эркебаев.

Бундан ташқари, Миллий комиссия томонидан олиб борилган тергов жараёнида ўша даврда Бош вазир, кейинроқ Президент бўлган Алмазбек Атамбоев ва ўтиш даври Президенти Роза Отунбаева Жалолобод ва Ўш вилоятларида содир бўлган миллатлараро тўқнашувнинг асосий ташкилотчиларидан бири, ўзбек диаспораси раҳбари Қодиржон Ботиров билан учрашгани тасдиқланган. 

Қарашда юз берган бўлинишлар 

Муваққат ҳукуматни шакллантирган Социал-демократик партияси вакиллари Ўш воқеалари бўйича текширув ўтказган Миллий комиссия раиси Абдуғани Эркебаевни қаттиқ танқид қилди. Уларнинг фикрига кўра, комиссия хулосаси “шошилинч равишда юзаки ўтказилган ва ҳатто баъзи жойларида ёлғон ҳам ишлатилган”. 

Қирғизистоннинг собиқ Молия вазири Темир Сариевга кўра, Муваққат ҳукумат Қирғизистон жанубида қон тўкилиши учун жавобгар эмас. 

“Муваққат ҳукумат фақат ўз вақтида миллатлараро низонинг олдини ололмагани учун айбдор. Аммо биз мамлакатни қутқардик ва унинг шимолга ва жанубга бўлинишига йўл қўймадик ”, дея хулоса қилган Сариев.

Миллий комиссия ўз ҳисоботини ўқиб эшиттирганидан кейин, ҳатто, Муваққат ҳукумат аъзоларига қарши жиноий иш қўзғатишни таклиф қилганлар ҳам бўлди. Ўша вақтлар “Ота-Юрт” фракциясидан депутат бўлган Қамчибек Тошиев Муваққат ҳукумат аъзоларини сиёсий жавобгарликка тортилишини талаб қилган. Ҳа, бу ўша Қамчибек Тошиев – ҳозирда 2010 йилги воқеаларни қайта тергов қилаётган Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси.

“Муваққатчилар тўқнашувларнинг асосий қўзғатувчиси сифатида тан олинган ўзбек жамоатчилиги раҳбари билан можародан олдин учрашгани ҳақиқатдир. Аммо мамлакат раҳбариятининг ҳеч бири жавобгарликка тортилмади. Бундан ташқари, ўзбек раҳбарлари қочиб кетганлиги учун ҳеч ким жазоланмади. Бошланган ишни охиригача етказиш ва холис баҳо бериш керак”, деганди Тошиев. 

Тақдирни қарангки, ҳозирда 2010 йилги қирғинни қайта тергов қилиш вазифаси Қамчибек Тошиевнинг гарданига тушди. Балки унинг ўзи бу ишларнинг охирига етар.

Ўш воқеалари устида ўтказилган халқаро тергов 

Ўтиш даври Президенти Роза Отунбаева 2010 йилдаёқ “Ўш воқеалари”нинг асл сабабларини аниқлаш учун мустақил халқаро тергов ўтказишга чақирган.

Натижада Қирғизистоннинг Тадқиқот комиссияси – 2010 йил июнь ойида мамлакат жанубидаги этник низоларни ўрганиш бўйича Халқаро мустақил комиссия тузилди. Унинг таркибига Франция, Буюк Британия, Эстония, Австралия, Туркия ва Россиядан келган етти кишидан иборат мутахассис киритилди.

Ушбу Тадқиқот комиссиясига финландиялик сиёсатчи, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Парламент Ассамблеясининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Киммо Кильюнен раҳбарлик қилди.

Фото: Киммо Кильюнен – Тадқиқот комиссияси раҳбари

Бир йилга яқин давом этган терговда юзлаб гувоҳларнинг интервьюси, Ўш ва Жалолободда содир бўлган воқеаларнинг минглаб фотосуратлари ва видеофильмлари ўрганилганидан сўнг, 2011 йил 3 май куни комиссиянинг батафсил ҳисоботи эълон қилинди. 

Ҳисоботда қайд этилишича, мутахассислар ҳарбий жиноятлар ёки геноцид бўйича далиллар тополмаган, аммо, баъзи зўравонлик ҳаракатлари инсониятга қарши жиноятлар сифатида баҳоланган.

Қирғизистон томони дарҳол бундай ҳисоботни танқид остига олди. Ҳукумат баёнотида ушбу ҳисобот қабул қилинмайдиган ва бир томонлама, деб номланди. Унда этник ўзбеклар фақат “ҳимоясиз қурбонлар” сифатида баҳолангани айтилди. Баёнотда, шунингдек, халқаро терговчилар “фақат бир этник гуруҳ аъзолари томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисида кўпроқ маълумот олишга мойилликни намойиш этгани, этник қирғизлар томонидан берилган қурбоналар эса эътиборсиз қолдирилгани қайд этилган.

Ўшанда Бишкекда Кильюненни ўзбекларни ёнини олиш учун ҳатто, пора олганликда айблашган. Бунга жавобан Кильюнен айбловни “кулгили” ва “катта ёлғон”, деб атаган.

Хулоса ўрнида шуни қайд этиш керакки, Миллий бўладими ёки Халқаро ҳар икки комиссия ҳам Отунбаева раҳбарлик қилган Муваққат ҳукуматни сиқувга олган, унинг ҳаракатсизлиги ва қобилятсизлигини ўзининг тергов иши ҳисоботида қайд этган. Ўша даврда ҳам Роза Отунбоева бошчилигидаги ҳукуматни ушбу этник можарода айбдор, деб ҳисоблаган Қамчибек Тошиев бугун қайсидир маънода сувдан қуруқ чиққан “лаққа балиқлар”ни жазолаш имкониятини қўлида тутуб турибди. Воқеалар ривожини биргаликда кузатамиз.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

3096

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг