Уруш пайтида Путиннинг “Graceful”и учун 3 млрд рубль сарфланди
Олам
−
23 Август 2023
7050Мухолифатчи Алексей Навальнийнинг шериклари 2022 йилда Россия Украинага уруш бошлаганидан сўнг мамлакат Президенти Владимир Путиннинг “Graceful” яхтасига уч миллиард рубль сарфланганини аниқлади. Бу ҳақда Навальнийнинг сайтида маълум қилинди.
82 метрли “Graceful” яхтаси 2014 йилда сувга туширилган. Унинг қиймати 100 миллион долларга баҳоланган. “Graceful” 140 метрлик “Shahrizoda” яхтаси билан бирга санкцияларга дуч келган. “Shahrizoda” мулки 2022 йилнинг май ойида Италияда ҳибсга олинган.
“Graceful” уруш бошланишидан бир неча ҳафта олдин Германиядаги Blohm + Voss кемасозлик заводига таъмирлаш учун олиб борилган.
Кемасозлик заводи билан ёзишмалари бўлган тергов муаллифларининг сўзларига кўра, таъмирлаш яна бир йил давом этиши керак бўлса-да, яхта фавқулодда вазиятда заводдан олиб кетилган.
“Graceful” Калининградга кўчирилган ва у ердан яна бошқа жойга жўнатилган. Яхта номи эса вақтинча “Graceful”дан “Косатка”га ўзгартирилган.
Навальнийнинг шерикларига кўра, “Shahrizoda” Италияда қўлга олинганидан кейин Путиннинг эски яхтаси негизида янгисини ясашга қарор қилинган. “Graceful” тўлиқ таъмирланган ва модернизация қилинган. Тергов муаллифлари ҳисоб-фактура нусхаларига таяниб, биргина яхтадаги ёғоч буюмларга 240 миллион рубль сарфланганини келтириб ўтган.
Шунингдек, саккиз миллион рублга кофе столи (1 миллиарддан ошиқ), 800 минг рубллик борт кузатувчиси ётоқхонаси учун матраслар, беш миллион рублга яхта эгасининг ётоқхонаси учун 100 квадрат метрдан ортиқ гилам, ҳар бири 11 минг рубль турадиган тароқлар ҳамда 1,2 миллион рубль қийматидаги зирҳли соябонлар сотиб олинган.
Яхтада вертолёт майдончаси, рақс майдонига айланадиган сузиш ҳавзаси, машқ буюмлари билан жиҳозланган спорт зали ҳам мавжуд. Яхта учун денгиз ҳовузи буюртма қилинган – бу узунлиги 85 метр ва кенглиги 25 метр бўлган тўр билан жиҳозланган иншоотдир.
Қайд этилишича, биргина 2022 йилда “Graceful” учун деярли уч миллиард рубль – 32 миллион доллар сарфланган.
Навальний шерикларининг маълум қилишича, “Graceful”нинг санкциялар остида экани яхтани кенг миқёсда қайта жиҳозлашга халақит бермаган. Ускуналарни сотиб олиш ва таъмирлаш учун Европа, Туркия ва Бирлашган Араб Амирликларида ёрдамчилар иштирокида инфратузилма қурилган. Масалан, экипаж формалари Италияда сотиб олинган, ҳисоб Дубайдан келган компания томонидан тўланган, товарлар Литвага жўнатилган ва у ердан Калининградга етказилган.
Июнь ойида янгиланган “Graceful” яхтасини Санкт-Петербургда кўришган. Кейин у Сочидан Шимолий денгиз йўли бўйлаб кетган.
LiveБарчаси