Уруш кенгаймоқда: ҳусийлар Саудияга ҳужум қилди, ўнлаб тинч аҳоли жароҳатланди

Олам

image

Ямандаги ҳусийлар Саудия Арабистони жанубига ҳужум қилиши оқибатида 11 нафар тинч аҳоли жароҳат олди. Шу билан бирга, Саудия ҳукумати ҳусийлар ва Эрон қўллаб-қувватлайдиган Ироқ қуролли гуруҳлари томонидан янги мувофиқлаштирилган ҳужумлар содир этилиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бу ҳақда Саудия бошчилигидаги ҳарбий коалиция матбуот котиби генерал-майор Турки ал-Маликий маълум қилди.

Унинг айтишича, Нажрон вилоятига уюштирилган ҳужумда 7 нафар Саудия фуқароси, 1 нафар яманлик, 2 нафар мисрлик ва 1 нафар покистонлик жароҳат олган. Жабрланганлар орасида 4 ёшли бола ҳам бўлиб, у иккинчи даражали куйиш жароҳатини олган.

Ал-Маликий ҳусийларни халқаро гуманитар ҳуқуқни бузган ҳолда фуқаролик объектларини бетартиб ўққа тутишда айблаб, коалиция тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун зарур барча чораларни кўришини билдирган.

Ҳусийлар ва Эрон ҳозирча бу баёнотга муносабат билдирмаган.

“Reuters” агентлигининг қайд этишича, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши беш ойдан буён давом этаётган уруши Саудиянинг хавфсизлик бўйича ҳисоб-китобларини янада мураккаблаштирган.

Нашр манбаларига кўра, Саудия, АҚШ ва бошқа Яқин Шарқ давлатлари разведкаси ҳусийлар ҳамда Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси назоратидаги Ироқ қуролли гуруҳлари яқин вақт ичида Саудиядаги энергетика инфратузилмаси, портлар ва аэропортлар каби фуқаролик объектларига мувофиқлаштирилган ҳужумлар уюштириши мумкинлигини аниқлаган.

Шу муносабат билан Ар-Риёд хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиришга интилмоқда. Агентликнинг маълумотига кўра, бугун, 7 август куни Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон ўртасида мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланиши кутилмоқда.

Саудия расмийларидан бири мамлакат Эрон билан зиддиятни музокаралар орқали ҳал қилиш ва кескинликни пасайтириш сиёсатини қўллаб-қувватлаётганини, эҳтимолий ҳужумлар эса дипломатик жараённи издан чиқаришга қаратилган бўлиши мумкинлигини айтган.

Маълумот учун, ҳусийлар 4 август куни Нажрон аэропортига қилинган ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олган эди. 5 август куни эса улар Мариб ва Ҳадрамавт вилоятларидаги Саудия қўллаб-қувватлаётган кучларга қарши ҳужумларда 30 нафардан ортиқ Яман ҳукумат қўшинлари ҳарбийси ҳалок бўлганини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, 29 июль куни Саудия Арабистони АҚШ Марказий қўмондонлиги билан ҳамкорликда Ироқдаги Эрон қўллаб-қувватлайдиган қуролли гуруҳларга зарбалар берганини маълум қилган эди. Бу қарор Саудия нефть иншоотларига дронлар орқали уюштирилган ҳужумлардан сўнг қабул қилинган. Ироқ қуролли гуруҳлари эса бу зарбаларга жавоб қайтаришини билдирган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг