Путиннинг 1000 кунлик босқини
Таҳлил
−
19 Ноябрь
49502022 йил 24 февраль. Ҳавойи орзулар, дозаси ошиб кетган мотивация, бир гуруҳ сафсатабозларнинг стимули ва империячилик сарқити билан қуролланган Путин Украина ҳудудига бостириб кирди. Бундан 300 йил олдин тамал тоши қўйилган ва кейинчалик инсониятга, хусусан, Марказий Осиё, Кавказ ва Шарқий Европага мислсиз кулфат келтирган Россия империясининг асосчиси Пётр I га айланиш дарди билан яшаш унинг кўп эҳтимол мазкур қонли қарорга қўл уришига сабаб бўлди. Бутун бошли бир мустақил, суверен ва халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли субъекти бўлган давлатга бемаъни асослар, жумладан Украинани демилитаризация ва денацификация қилиш каби важлар билан бошланган Путин босқини яқин фурсатларда 1000 кунга тўлади. Нега Россия эмас, балки Путин босқини? Жуда тор доираларда қабул қилинган қарор ва ўз қардоши бўлган бошқа бир шарқий славян давлатига бостириб кириш рус халқининг кўпчилиги учун ёқимсиз бўлганлиги боис, Украинадаги қирғинлар учун фақат ва фақат Кремлни деярли 25 йилдан буён чангаллаб олган инсон жавобгардир. Қуйида Путиннинг шу 1000 кунлик босқини қанча инсоннинг ҳаётига зомин бўлгани, яна қанчаси майиб-мажруҳ ҳолга келгани ва Украина заминининг шарқий қисми қандай қилиб жаҳаннамга айлантирилгани ҳақида сўз юритилади.
Путин аслида мағлуб бўлди
2021 йил 17 декабрда Россия Ташқи ишлар вазирлиги ўзининг расмий порталида Россия ва НАТО ўртасидаги хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги битим лойиҳасини эълон қилди. Ушбу лойиҳада Украина, Шарқий Европа, Жанубий Кавказ ва Марказий Осиёда ҳар қандай ҳарбий фаолиятдан воз кечиш ҳамда НАТОнинг шарққа кенгаймаслиги ва қурол-яроғларини жойлаштирмаслигини кафолатлашни талаб қилганди. Шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазирлиги ўз услубига кўра қўпол таҳдидона риторика билан НАТО ва АҚШ Москванинг хавфсизлик кафолатларида келтирилган талабларга жавоб бермаса, қарама-қаршиликнинг янги босқичи юзага келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Аммо альянснинг ўша пайтдаги бош котиби Йенс Столтенберг бунга нисбатан ўз муносабатини билдирар экан, ташкилот Россия хавфсизлигига доир масала юзасидан музокараларга доим тайёрлиги, аммо Кремль Украина ва НАТО ўртасидаги ишга аралашмаслиги лозимлигини айтди. Кўринишидан ультиматумни эслатиб юборадиган Кремль таклифларига дунёнинг энг қудратли ҳарбий иттифоқи ҳеч қачон рози бўлмаслиги аниқ эди. Кутилганидек, келишув амалга ошмади.
2022 йилнинг дастлабки кунларида Ғарб давлатларининг разведкалари Россиянинг эҳтимолий босқини ҳақида огоҳлантира бошлади. Энг яқин муддат 16 февраль санаси эканлиги тахмин қилинаётганди. Босқин содир бўлди, фақат сал кечроқ. 24 февралда Россия Украина шарқига маълум мақсад ва режалар билан қўшин киритди. Кремль бу зўравонлик орқали демилитаризация ва денацификация қилиш ниқоби остида катта эҳтимол билан Киевдаги қонуний ҳокимиятни ағдариб, у ерда қўғирчоқ ҳукуматни ўтказишни кўзлаганди. Бир неча йиллар муқаддам Украинани бошқарган ва Кремль таъсирида украин халқининг келажагини тортиб олган эски қўғирчоқ Виктор Янукович стартда турган бўлса ажаб эмас.
Шундай қилиб, шу куни НАТОнинг шарққа кенгайиш истаги ва қўшни давлатларнинг суверенитетини сариқ чақага ҳам илмайдиган, империячилик тафаккуридан ҳали ҳам воз кечмаган Кремль амбициялари ҳосиласи ўлароқ шаклланган босқин бошланди. Шу ўринда эса савол туғилади. Агар Путиннинг Украинага қилган босқинининг бош мақсади унинг НАТОга аъзолигини бутун умрга тўхтатиш бўлган бўлса, Россиянинг 25 йиллик ўзгармас раҳбари НАТОни ўзига яқинлаштирмаслик мақсадига эришдими? Йўқ, албатта. Ҳатто бунинг акси содир бўлди. Россиянинг агрессив ҳаракатлари унга шимоли-ғарб томондан чегарадош бўлган Финляндия ва бундан ташқари Швецияни тезкор қарорлар қабул қилишга ундади. Скандинавияликлар Россиянинг Украинага босқини фонида кучли хавфсизлик кафолатларига муҳтож эканликларини зудлик билан англади. Финляндия ва Швеция 2022 йилнинг 18 майида НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширди ва 5 июль куни бу икки давлат ташқи ишлар вазирлари ва НАТОга аъзо 30 та давлат элчилари Шимолий Атлантика иттифоқига қўшилиш тўғрисидаги протоколларни имзолади. Бироқ ратификация жараёни баъзи келишмовчиликлар туфайли бироз чўзилиб кетди. Икки номзод давлат бу борада Туркия билан савдолашишига тўғри келди. Курдистон ишчи партиясининг террорчи кланлари ва қурол эмбаргоси билан боғлиқ шартлар туфайли Швеция ва Финляндия қийин аҳволда қолди. Аммо хавфсизлик ҳамиша энг устувор масалалардан бири эканлиги уларни бу жабҳада ён беришга мажбур қилди. Туркиянинг талаблари бирин-кетин бажарилди. Иттифоқчи давлатлар Финляндиянинг қўшилиш протоколини ўзларининг миллий процедураларига мувофиқ ратификация қилишди ва финлар 2023 йил 4 апрелда НАТОнинг 31-аъзо давлатига айланган бўлса, Швеция бу иттифоққа 2024 йил март ойида киришга муваффақ бўлди. Натижада эса Путиннинг Украинага қўшин киритишидан фақат Туркия ютди.
Аммо Россия бошқаруви тепасидаги Путин ва унинг жамоаси ўзлари бошлаган сиёсий беқарорликдан нима ютди-ю, нима ютқазди? Россия сув ва қуруқлик орқали 2295 км чегараси бўлган қўшниси Украинанинг НАТО билан интеграциясини тўхтатиб қолмоқчи бўлган бўлса, бу режа амалга ошмади ва аксинча, Путиннинг қарори жуда ёмон оқибатларга олиб келди. Чунки бу босқин НАТОни Россия томон янада яқинлаштирди ва Финляндиянинг альянсга аъзолиги эндиликда альянс ва Россия ўртасида 1340 километрлик қўшимча чегара чизиғини пайдо қилди. НАТО ва Россиянинг ўзаро чегараси ҳали бу қадар узаймаганди. Сўнгги маротаба 2004 йилда Россия бурнининг тагига келган ҳарбий иттифоқнинг мамлакат билан олдинги 500 км чегараси энди 1840 километрга етди. Бу эса Россия ғарбий чегаралари юқори қисми энди тўлақонли НАТО кўз ўнгида бўлишини англатади. Украинага бостириб киришнинг иқтисодий оқибатларидан кўра ҳарбий-сиёсий оқибатлари жуда оғирроқ бўлди, негаки энди Россия дунёдаги энг қудратли ҳарбий-иттифоқ билан бир деворли қўшинига айланди.
Путин қурбонлари
Босқиннинг дастлабки кунларида ҳар икки томон ҳам ўз йўқотишларини зўр-базўр очиқлаб борди. Айниқса, Украина Бош прокуратураси рус аскарлари ҳужумида ҳалок бўлган болалар рўйхатини доимий тарзда эълон қилиб боришни канда қилмади. Бироқ босқин тобора чўзилиб, охири кўринмас ҳолатга келиб қолган маҳалда ҳарбийларнинг ўлими ҳақидаги маълумотларни очиқлаш тўхтади. Лондон Қироллик коллежининг уруш тадқиқотлари бўлими тадқиқотчиси Марина Мирон томонларнинг бундай йўл тутишида бир қанча омилларни санаб ўтди. Унинг фикрича, ҳукуматлар душманнинг операциялари қанчалик самарали бўлгани ҳақида маълумот бермаслик учун ўз йўқотишлари ҳақида очиқ ҳисобот бермайди. Масалан, Иккинчи жаҳон уруши пайтида ҳар бир томон ўз йўқотишларини икки баравар кам, душман қурбонларини эса икки-уч баравар оширган ҳолда ҳисоботларга киритган. Ҳарбий ҳаракатлар пайтида йўқотишларни рўйхатга олиш жараёни эса қуйидагича бўлади. Бундан ўлим ҳолати жасад топилгандан кейингина тасдиқланади ва мудофаа вазирлиги шу орқали оилага ўлим ҳақида хабар юборади. Аммо кўплаб жасадлар топилмаса, улар бедарак йўқолганлар тоифасига киритилади. Шунингдек, Марина Мирон статистикаларнинг батафсил очиқланмаслигига яна бир сабабни келтириб ўтган. Бу бевосита марҳум аскарнинг оила аъзоларига бадал тўлашдан қочиш билан боғлиқ. Унга кўра, агар ҳукумат аскарни ўлик деб расман қабул қилмаса, у Россия ва Украинада муаммога айланган марҳумларнинг оилаларига пул тўлаш мажбуриятидан халос этади. Шу ва бошқа сабабларга кўра ҳозирча деярли 3 йилдан буён давом этиб келаётган босқинда ҳалок бўлган ёки яраланган аскарларнинг аниқ сони маълум эмас. Бироқ дунё ҳамжамияти ва нуфузли хориж ОАВлари икки томоннинг расмий доиралари ҳақиқий статистикани очиқлашини кутиб тура олмайди ва бу борада ўзларининг версияларини тақдим қилади. Хусусан, жорий йил июль ойида The Economist журнали АҚШ Мудофаа вазирлиги ҳужжатларига таяниб, босқин бошлангандан буён ҳалок бўлган ва яраланган россиялик аскарлар сони 700 дан ошиқ бўлиши мумкинлиги ҳақидаги қўрқинчли рақамларни тақдим қилди. Украина Бош штаби эса 1 октябрь ҳолатига кўра, 654 мингдан ортиқ россиялик ҳарбий ҳалок бўлган, дея даъво қилди. Украина қўшинларига келсак, Россия Мудофаа вазирлигининг ҳисоб-китобларига кўра, шу кунгача Киев деярли ярим миллионга яқин йўқотишларга учраган. Жорий йил июнь ойида Россия Президенти Владимир Путин журналистларга ишониш қийин бўлган рақамлар ҳақида юқори ишонч билан гапирди. У Украина йўқотишлари Россияникидан беш баравар кўп эканлиги, Киев ойига энг камида 50 минг ҳарбий хизматчисидан айрилаётганини иддао қилди.
Бу эса ҳақиқатдан йироқ ва босқин давом этаётган шароитда рақибга психологик босимни кучайтириш бўлиши эҳтимоли юқори. Шундай қилиб, йўқотишлар деганда ҳалок бўлган, яраланган ва изсиз йўқолганлар умумий тарзда ҳисобланади. Аммо фақатгина ҳалок бўлган аскарларгагина тўхталадиган бўлсак, бу ерда бироз кичикроқ рақамларга дуч келамиз. Жумладан, “Медиазона” мустақил оммавий ахборот воситаларининг сентябрь ойи охиридаги ҳисоботига кўра, 2022 йил февралидан буён 71 мингдан ортиқ россиялик аскар Украинада ўлдирилгани аниқланган. Ҳалок бўлган украиналик ҳарбийлар эса Ғарб ҳисоб-китобларига кўра, 80 мингга яқинни ташкил қилади. Бундай йирик йўқотишлар фонида Россия ҳам, Украина ҳам ҳарбий хизматчилар борасида чуқур муаммоларга дуч келмоқда. Хуллас, ҳар бир томон, ҳар қайси нашр ўз версияларини тақдим қилди ва қилиб келмоқда. Аммо барибир рақамлар бир-биридан хилма-хиллиги сабаб аниқ ўлим ва жароҳатланганларнинг умумий ёки алоҳида сони қанча эканлиги ноаниқлигича қолмоқда.
Путиннинг бегуноҳ қурбонлари ва “кома” ҳолатидаги Украина демографияси
Ортда қолган 30 йил давомида мустақил Украина аҳолиси йилдан йилга фақатгина камайиб борса-бордию, аммо ўсиш умуман содир бўлмади. Украина аҳолиси сўнгги бор 1993 йилда ўсишга эришган ва бу стабил демографик юқорилашдаги охирги силжиш эди. Бундан буёғига улар фақат ва фақат камайди. Масалан, 1993 йилда 52 миллиондан ортиқ бўлган фуқаролар сони 2000 йилга келиб, 49 ярим миллионга пастлади. Орадан 10 йил ўтиб, 2010 йилга бориб яна 3 миллион йўқотиш кузатилди ва Украина аҳолиси 46 ярим миллионгача камайди. Бундан кейинги декадада эса демографик инқироз суръати бироз пасайди ва 2020 йилда украиналиклар 2 миллионга камайиб, 44,6 миллионни ташкил қилди. Мана шундай табиий пасайиш ва 2022 йилдаги босқин омухтаси билан Украина аҳолиси Путин бошлаган босқиннинг илк йилида 41 миллионгача камайиб кетди. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмасди. 2023 йилдаги ҳисоб-китобларга кўра, мамлакат фуқаролари сони атиги 37.7 миллионни ташкил қилди ва бу Украина аҳолиси сўнгги уч йилда рекорд даражада, 7 миллионгача қисқарганини англатади. Мутахассислар узоқ вақтдан бери Украинанинг демографик келажаги қоронғи эканлиги ҳақида огоҳлантириб келади. Агар мамлакатдаги аҳоли сони шу тарзда қисқаришда давом этса, айрим прогнозларга кўра, Украина фуқаролари сони 2050 йилга бориб 31 миллион, 2100 йилда эса 15 миллионгача пастлаб кетиш хавфи бор. Президент Владимир Зеленский эса айнан шу муаммоларни ҳисобга олган ҳолда 18 ва 25 ёш оралиғидаги эркакларни босқин шароитида давлат мудофаасига сафарбар этишдан бош тортиб келди. Чунки уларнинг аксарияти ҳали фарзанд кўрмаган ва бу орқали улар Украинада кетаётган “қаҳратон демографик қиш”ни бироз бўлса-да илитиши мумкин. Юқорида келтирилган маълумотлар шуни очиқлайдики, ўзи шундоқ ҳам жуда оғриқли даврни бошидан ўтказаётган Украина демографияси Путин босқини оқибатида “кома” ҳолатига тушди. 2022 йил февраль ойидан то бугунгача Украинадаги тинч аҳоли орасидаги қурбонлар 12 мингдан ошди. Сўнгги маълумотларга кўра, шулардан 550 нафардан ортиғини болалар ташкил қилади. Баъзи манбалар бу кўрсаткич 633 нафардан иборат эканини таъкидлайди. Яна минглаб болалар эса турли даражада яраланган, майиб-мажруҳ аҳволга келтирилган. Ўлдирилган болаларнинг 440 нафарга яқини биргина 2022 йилнинг ўзида ҳалок этилди. Босқин давомида ҳалок бўлган тинч аҳолини йиллар кесимида кўриб чиқилса, улар 2022 йилда 8384, 2023 йилда 1957 нафарни ташкил қилади. Улар ўз уй-жойларида ёки бошқа фуқаролик объектларида, жумладан, шифохона, савдо марказлари ва бошқа жойларда бўлганда босқинчиларнинг ҳаводан берган зарбалари оқибатида ҳалок бўлган. Бундан ташқари, 1000 кунлик босқин давомида 23 минг 600 дан ортиқ тинч аҳоли яраланган. Уларнинг ичида 1 ярим мингдан кўпроқ болалар мавжуд. 2022 йилда бошланиб то ҳозиргача давом этаётган Путин босқини ойлар ёки чораклик бўйича таҳлил қилинадиган бўлса, вазият янада кескин тус олганига гувоҳ бўламиз. Чунки 2024 йил ёзига келиб, Украинага қилинган босқин кўлами янада кенгайиши билан бирга, унинг шафқатсизлиги ҳам борган сари ортиб борди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Украинадаги Инсон ҳуқуқлари мониторинги миссияси ҳам ёзда тинч аҳоли ўлими ва жароҳатлари кескин ошганини қайд этди. Украинада жорий йилнинг июнь ва август ойларида 3200 дан ортиқ тинч аҳоли қурбонлари қайд этилди. Уларнинг ичида 589 нафари ўлган бўлса, жароҳатланганлар 2685 нафарни ташкил қилди. Шунинг учун жорий йилнинг ёзи – 2022 йилдан буён тинч аҳоли қурбонлари бўйича Украинада қайд этилган энг юқори уч ойлик сифатида кўрилди. Аммо босқиннинг энг аянчли даври 2022 йилнинг март ойи бўлиб қолмоқда. Ўшанда Украинада бир ой ичида 3900 га яқин тинч аҳоли ҳалок этилган ёки яраланганди. Ортда қолган ойларда эса тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сони ҳали ҳам юқори даражада сақланиб қолмоқда. Биргина август ойида 184 нафар фуқаро ҳалок бўлган бўлса, 856 нафари яраланган. Бу эса жорий йил ҳисобида қурбонларга бой бўлган иккинчи ойдир. Биринчи ўринни эса 219 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган ва 1018 нафари яраланган июль ойи эгаллаган. 2024 йилда рус қўшинлари томонидан йўлланган энг мудҳиш зарбалар ёз ўртасида, 8 июлда содир бўлди. Киев, Донецк ва Днепропетровск каби ҳудудларни қамраб олган ҳаво ҳужуми 200 га яқин инсонни жароҳатлаб, 44 нафар тинч аҳолини ҳалок қилди. Ҳужумнинг энг аянчли нуқтаси Киевда жойлашган болалар шифохонаси бўлди. Ҳужум оқибатида 25 киши ўлдирилди ва яна 70 киши яраланди. Шу кунги босқин нишонидан ҳатто туғуруқхона ҳам омон қолмади. “Исида” номли туғуруқхонага йўлланган ҳаво зарбаси оқибатида 7 киши ўлдирилди ва 3 киши жароҳатланди. Болалар шифохонаси ва туғуруқхонага қилинган бу каби қабул қилиб бўлмас ҳужум Путин босқини нафақат Украинанинг НАТОга аъзо бўлмаслик ёки уни демилитаризация қилиш учун, балки украинларнинг генофондига ўнгланмас зарба бериш учун ҳам амалга оширилаётганини яққол очиқлайди.
Ҳаёт йўқ қилинган ҳудудлар
Путин босқини бошлангандан буён мамлакатда энг камида 350 000 дан ортиқ иншоотлар, миллионлаб квадрат метр тураржой, таълим, тиббиёт ва спорт инфратузилмаси, минглаб километр автомобиль ва темирйўллар, аэропортлар ва портлар бутунлай вайрон қилинди ёки маълум даражада шикастланди. Украинанинг шарқий қисми – Донбассдаги кўплаб ҳудудлар кимсасиз харобаларга айлантирилди. Кўплаб шаҳар ва туманлар бутунлай вайрон қилинди ва ҳудудда деярли ҳеч ким қолмади. Буткул йўқ қилинган маъмурий ҳудудлар асосан Донецк вилоятида жойлашган бўлиб, булар Мариуполь, Волноваха, Маринка, Соледар ва Бахмут кабилардир. Деярли харобазорга айлантирилган шаҳарлардан яна бири Луганскда жойлашган бўлиб, бу Северодонецк шаҳридир. Россия қўшинларининг энг тажовузкор ҳаракатлари босқиннинг биринчи йилида амалга оширилди. 2022 йилнинг март ойи бошида, Шарқий Донбасс минтақасидаги икки шаҳар – Волноваха ва Шастиянинг фуқаролик инфратузилмаси кучли штурмларга учради ва бир неча кунлик бомбардимонлардан сўнг улар бутунлай вайрон қилинди. Волноваха учун кураш 26 февралдан 12 мартгача давом этиб, ҳудуд бутунлай вайрон қилинганидан сўнг Украина аскарларининг ҳаётини сақлаб қолиш учун Украина Қуролли кучларини олиб чиқиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Волноваха учун кураш пайтида Россия томони шаҳарни, шу жумладан, тураржойлар ва фуқаролик инфратузилмасини оммавий равишда ўққа тутиш тактикасини қўллаган ҳолда ҳудуддаги нормал ҳаётга нуқта қўйди.
Путиннинг кейинги ўлжаси Мариуполь порт шаҳри бўлди. Украинага бостириб кирилганидан бир неча кун ўтгач, душман қўшинлари шаҳарни блокада қилишни бошладилар. Апрель ойининг ўрталарига келиб эса инфратузилманинг 95 фоизи йўқ қилинди. Мариуполдаги энг даҳшатли манзара босқинчилар шаҳар Драма театрини шафқатсизларча бомбардимон қилганида юзага чиқди. Чунки бу ерда тинч аҳоли бомба ва отишмадан паноҳ сақлаш илинжида тўпланганди. Санъат маркази бўлган ва бутун постсовет ҳудудида ўзига хос обрўга эга бўлган ушбу маскан ҳаво ҳужумларидан сўнг қабристонга айланди. Ҳужумдан сўнг Мариуполь шаҳар кенгаши ҳалок бўлганлар сони 300 дан ортганини эълон қилди. Аммо орадан бироз ўтиб AP нашри янада қўрқинчли рақамларни очиқлаб, ўша куни театрда 600 га яқин тинч аҳоли, шу жумладан, болалар ўлдирилган дея ўз суриштирувларини эълон қилди.
Луганск вилоятида жойлашган Северодонецк шаҳри учун кураш дастлаб икки ой давом этди. Аҳоли пунктларининг нишонга олиниши уруш жиноятлари сирасига кирса-да, Путин бошлаган босқинда оддий шахмат пиёдаси бўлган рус қўшинлари бу гал ҳам мазкур қоидаларга тупурди. Украина расмийларига кўра, Россия армиясининг кенг кўламдаги ҳужумлари оқибатида шаҳарнинг 90 фоизи вайрон бўлган.
Босқиннинг кейинги нишони стратегик муҳим нуқталар – Соледар ва Бахмутга қаратилди. 2022 йил августда Соледарни ўққа тутиш бошланди. Соледар ҳамда унга яқин бўлган ҳудудларда ҳужумлар октябрь ойигача давом этди. Декабрь ойининг охирига келиб, ҳудуднинг катта қисми харобага айлантирилди. Россия қўшинлари Соледар шаҳрини бутунлай вайрон қилди, олдин бу ерда тахминан 10 000 киши истиқомат қиларди. Аммо вақт ўтиб, сунъий йўлдош тасвирлари шуни кўрсатдики, шаҳарда том маънода бирорта бино омон қолмаганди. Россиянинг Соледарга тўғридан тўғри ҳужумлари 2022 йил декабрь ойи охири ва 2023 йил январь ойининг бошларида қайта тикланди ва 16 январда Россия кучлари саноат зонасининг сўнгги секторини эгаллаб олишди ва шаҳар устидан назоратни таъминлади. Бу эса русларга кейинги нуқта, энг муҳим ҳудуд бўлган Бахмутнинг шимолий ва шимоли-шарқий чеккаларига янада кучлироқ таҳдид солиш имконини яратди. Бахмутда эса нималар содир бўлгани кўпчиликка маълум. Ушбу кичик шаҳарча устидаги жанглар роппа-роса бир йил давом этди. Аслида 2022 йил май ойида бошланган ҳужумлар Соледар эгалланганидан сўнг 2023 йил январида янада кучайиб, ўша йилнинг майигача давом этди. Бир календарь йили давомида деярли ҳар куни давом этган жанглар туфайли қатор тураржой бинолари, мактаблар, дўконлар ва бошқа инфратузилмалар харобага айлантирилди. Босқиндан олдин дарахтлар ва боғлар билан ўралган шаҳарнинг турли бурчаклари орадан бир йил ўтиб, чанг ва вайрона қолдиқлари билан қопланди. Бахмут деярли ҳар куни шаҳарга отиладиган рус армиясининг юзлаб снарядлари туфайли экологик фалокатга дуч келди. Шундай қилиб, Путин босқини, шу ва юқорида номлари келтирилган бошқа шаҳарларнинг кулини кўкка совурди. Аммо бу вайрон қилинган Украина ерларининг маълум бир қисми, холос. Аслида яна кўплаб аҳоли пунктлари мавжуд бўлган жойлардаги ҳаёт учқунлари таг-туби билан йўқ қилинган.
Путин босқинининг энг пасткаш излари: Буча ва Изюм қирғинлари
2022 йил февраль ойининг сўнгида бошланган кенг кўламли босқин Украинанинг ичига чуқур тарзда кириб келди ва ҳатто Киев вилоятини ҳам қамраб олди. Аммо босқиннинг дастлабки ойидаёқ қарши ҳужумлар эвазига Украина Қуролли кучлари рус қўшинининг босқинчилик ҳаракатларига етарлича жавоб берди ва уларни Киев вилоятининг турли нуқталаридан ирғитиб юборди. 1 апрель куни Буча мери Анатолий Федорук Украина ҳарбийлари россиялик босқинчиларни ҳудуддан чиқариб юборганини тасдиқлади. Озод қилинган шаҳарда украиналик ҳарбийлар ҳудудни диверсантлар ва россиялик шериклардан тозалашга киришди. 2 апрель оқшомида Украина Мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр бутун Киев вилояти рус босқинчиларидан озод қилинганини тасдиқлади. Аммо эртаси куни бутун дунёни даҳшатга солган хабарлар ва тасвирлар юзага қалқиб чиқди. Бутун дунё ОАВ босқинчиларнинг ваҳшийликлари ҳақидаги маълумотлар билан тўла бошлади. Бучада қўллари боғланган ҳолда ўлдирилганлар, Киев вилоятидаги йўллардан бирининг четида яланғоч аёлларнинг жасадлари ва шу каби хунрезликлар акс этган тасвирлар бутун дунёни жунбишга келтирди. Буча жасадлар билан тўлиб тошган, қурбонларнинг аксарияти қўллари боғланган ҳолда бошининг орқа қисмига ўқ узилиши оқибатида ҳалок этилганди. Бир ойга яқин муддат давомида Россия ҳарбийлари назоратида бўлган Киев вилоятининг Буча ва бошқа аҳоли пунктларида ўнлаб тинч аҳолининг ўлдирилиши Россия босқинидаги энг даҳшатли лаҳзаларидан бирига айланди. Украиналиклар оммавий қабрларга дафн қилинган, баъзи жасадлар эса кўчаларнинг ўртасига ташлаб кетилганди. Украина Бош прокурори Ирина Венедиктова Киев вилоятининг Россия ҳарбийларидан озод қилинган туманларидан 410 нафар ўлганларнинг жасади суд-тиббий экспертизадан ўтказиш учун олиб кетилганини таъкидлади. Кейинчалик очиқланган маълумотларга кўра, шаҳардан жами 458 нафар тинч аҳоли жасади топилган бўлиб, уларнинг ичида 419 киши қурол билан ўлдирилган бўлса, 39 киши ишғол пайтида ҳалок бўлган. Ўшанда Украина Президенти Владимир Зеленский Бучадаги ҳолатга муносабат билдирар экан, Россиянинг маданий ва инсоний қиёфаси украиналиклар билан ўлганини таъкидлади. У ўз видеомурожаатида рус тилида сўзлаб, россиялик оналарга юзланган ҳолда шундай деди:
“Мен ҳар бир россиялик аскарнинг онаси Буча, Ирпен ва Гостомелда ўлдирилган одамларнинг жасадини кўришини хоҳлайман. Улар нима қилди? Нега уларни ўлдиришди? Кўчадан велосипедда ўтиб кетаётган эркак нима қилди? Нима учун тинч шаҳардаги оддий фуқаролар қийноққа солинган? Нима учун аёллар қулоқларидан сирғалари тортиб олингандан кейин бўғиб ўлдирилган? Қандай қилиб аёлларни болаларнинг кўз ўнгида зўрлаш ва ўлдириш мумкин? Ҳатто ўлганидан кейин ҳам уларнинг жасадларини масхара қиласизми? Нима учун одамларнинг жасадларини танклар билан эзиб ташлашди? Украинанинг Буча шаҳри сизнинг Россиянгизга нима қилди? Қандай қилиб буларнинг барчаси содир бўлди?
Рус оналари, агар сиз талончиларни тарбиялаган бўлсангиз ҳам, улар қандай қилиб жаллодга айланди? Фарзандларингизнинг ичида нима борлигини билмаган бўлишингиз мумкин эмас. Улар ҳаммаси инсонийликдан маҳрум эканликларини пайқамаслигингиз мумкин эмас. Руҳ ҳам, юрак ҳам йўқ. Мен Россия Федерациясининг барча раҳбарлари ўзларининг буйруқлари қандай бажарилаётганини кўришларини хоҳлайман. Мана бундай буйруқлар, мана бундай ижро. Ва биргаликда жавобгарлик. Бу жавобгарлик қотилликлар учун, қийноқлар учун, портлашлардан кейин узилиб кетган қўллар учун. Боғланган одамлар бошининг орқа қисмига узилган ўқлар учун.
Россия давлати энди шундай қабул қилинади. Сизнинг маданиятингиз ва инсоний қиёфангиз украинлар ва украиналик аёллар билан бирга ҳалок бўлди”.
Аммо Россия Мудофаа вазирлиги Россия ҳарбийлари томонидан Бучада тинч аҳоли ўлдирилгани ҳақидаги хабарларни “провокация” ва “саҳналаштириш” деб атади. Уларнинг таъкидлашича, Буча рус ҳарбийлари назорати остида бўлган даврда “бирорта ҳам маҳаллий аҳоли зўравонлик ҳаракатларидан жабр кўрмаган”, Украина ҳарбийлари эса шаҳарнинг жанубий туманларини “тун-у кун” ўққа тутган. Баёнотга кўра, Россия Мудофаа вазирлиги шаҳар 30 март куни рус ҳарбийлари томонидан ташлаб кетилганини таъкидлаб, Бучада “жиноятларнинг барча далиллари” орадан тўрт кун ўтиб, Украина Хавфсизлик хизмати зобитлари ва Украина телевидениеси вакиллари шаҳарга етиб келишганидан кейин” пайдо бўлганини қўшимча қилган. Аммо орадан бироз вақт ўтиб, Буча воқеалари хусусидаги ҳақиқатлар ошкор бўлгач, дунё давлатлари Россияни кескин қоралади. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россияга қарши янги санкциялар пакетини ишлаб чиқишни бошлади. 42 давлат Россия устидан Гаага судига шикоят қилди.
Бутун дунёни гангитиб қўйган бу воқеа Путин босқини ва унинг пиёдаларига заррача ҳам таъсир қилмади. Буча геноцидидан беш ой ўтиб, рус босқинчилари яна бир қатлиомга қўл урди. Бу сафарги қонга ботирилган ҳудуд Харьковдаги Изюм шаҳри эди. Гап шундаки, 2022 йил сентябрь ойи бошида Украина Қуролли кучлари Харьков вилоятида муваффақиятли қарши ҳужумни амалга ошириб, вилоятнинг деярли барча босиб олинган ҳудудларини озод қилди. 10 сентябрь куни Украина Қуролли кучлари Изюмни босқинчилардан озод қилганини эълон қилди. Аммо орадан салкам бир ҳафта ўтар-ўтмас украиналиклар кўз ўнгида бундан 5 ой илгари Киев вилоятининг Буча шаҳридаги манзара яна қайта жонланди. Украина Президенти Владимир Зеленский 16 сентябрь кунги видеомурожаатида Россия Изюмда Киев вилоятининг Буча шаҳрида қилган ваҳшийликларини такрорлаганини таъкидлади.
“Қийноқлар, одамларни масхара қилишнинг аниқ далиллари аллақачон мавжуд... Буларнинг барчасига дунё жавоб бериши керак. Россия Бучада қилганини Изюмда такрорлади”, деди у.
Изюм яқинидаги оммавий қабристонда жасадларни эксгумация, яъни жасад қолдиқларини қабрдан олиб чиқиш ишлари амалга оширилди. 23 сентябрга келиб, оммавий қабрдан 427 нафар украиналик жасад олиб чиқилди. Жасадларнинг 202 нафари аёллар, 189 нафари эркаклар ва 5 нафари болалар эди. Аммо улар Изюмда ерга тиқиб юборилган сўнгги қурбонлар эмасди. Орадан бир неча кун ўтиб, Россия босқинидан озод қилинган Изюм шаҳрида яна иккита оммавий қабр топилди ва бу ҳақда Зеленский хориж нашрларига маълум қилди.
“Бугун мен қўшимча маълумот олдим. Яна иккита оммавий қабр топилди, юзлаб одамлар бўлган катта қабрлар. Биласизми, гап кафтдек келадиган Изюм шаҳри ҳақида кетяпти. Кичик шаҳарчада яна иккита оммавий қабр бор. Мана нималар бўляпти”, деди у.
Шундай қилиб, Зеленский таъбири билан айтилган ўша кафтдек Изюмда жами 447 нафар жасад оммавий қабрлардан олиб чиқилди. Бироқ Изюм жойлашган Харков вилоятидаги қатлиом қолдиқлари бу билан ҳали ниҳояланмаганди. 2022 йил октябрь ойи бошларида Харков вилоятининг Россиядан озод қилинган қисмида рус аскарлари томонидан ўлдирилган яна бир неча ўнлаб тинч аҳолининг жасадлари топилди. Энг сўнггида Изюм ва бошқа ҳудудларни қўшиб ҳисоблаганда жами 534 нафар тинч аҳоли рус босқинчилари қўлида қийноқлар билан жон таслим қилгани аён бўлди. Улардан 226 нафари аёллар, 260 нафари эркаклар, 19 нафари эса болалар эди. 29 нафар жасад эса ҳатто жинсини ҳам аниқлаб бўлмайдиган ҳолга келтирилиб, ташлаб кетилганди.