Уруғ-аймоғчиликка қарши янги қонун қабул қилинади
Жамият
−
26 Июль 2022
21831Ўзбекистонда “Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш тўғрисида”ги янги қонун қабул қилиниши кутиляпти. Кеча, 25 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП ва “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида мазкур қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Бу ҳақда қуйи палата Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, кўплаб қонун ҳужжатларида манфаатлар тўқнашуви тўғрисида тушунчалар берилган бўлса-да, давлат органлари ва муассасаларида уларни амалга ошириш ҳамда назорат қилишнинг аниқ механизмлари яратилмаган. Ҳатто ваколатли орган ҳам белгиланмаган.
Шунингдек, бу борадаги талабларни бузганлар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлиши белгиланган бўлса-да, жавобгарлик масалалари назарда тутилмаган. Бу эса давлат ташкилотларида коррупциянинг янада авж олишига, айрим раҳбарларнинг яқинлари манфаатларини кўзлаб, давлат ва жамият манфаатларига жиддий зарар етказилишига сабаб бўлмоқда.
Биргина 2021 йилда давлат харидлари жараёнида 763 та ҳолатда 971,1 млрд сўмлик битимларда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган.
“Албатта, бундай ҳолатларнинг олдини олиш мумкин эди. Аммо амалдаги қонунларимизда бунга қарши аниқ механизмлар бўлмагани боис, шундай ҳолатлар борган сари кўпаймоқда”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, қонун лойиҳаси 5 та боб, 32 та моддадан иборат. Мазкур ҳужжат билан манфаатлар тўқнашуви тушунчаси, давлат хизматчиларининг мажбуриятлари ҳамда уни тартибга солиш бўйича аниқ механизмлар назарда тутилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоевга кўра, янги қонун билан манфаатлар тўқнашуви деганда давлат ташкилоти ходимининг, унинг яқин қариндошларининг ва унга алоқадор шахсларнинг шахсий манфаатлари билан фуқароларнинг, ташкилотнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келган ва келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёхуд юзага келиши мумкин бўлган (тахмин қилинаётган манфаатлар тўқнашуви) вазият тушунилиши белгиланмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.
“Кўплаб чекловлар қаторида қонун билан давлат ташкилоти ходимларига ўзи фаолият юритаётган давлат ташкилотида ўзининг, яқин қариндошлари ёки унга алоқадор шахсларга тааллуқли ишларни кўриб чиқишда вакил сифатида иштирок этиш таъқиқланмоқда”, дейилади хабарда.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган.
LiveБарчаси