Президент “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонунни имзолади
Жамият
−
05 Июнь
8611Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 5 июнь куни “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонунни имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Қонун давлат органларига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига, давлат мақсадли жамғармаларига, шунингдек, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига нисбатан татбиқ этилади.
Қонунда давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими, манфаатлар тўқнашуви, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича махсус бўлинма, шахсий манфаатдорлик, яқин қариндошлар каби асосий тушунчалар киритилди.
Қуйидаги шахслар давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимига алоқадор шахслар деб эътироф этилади:
- давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг яқин қариндошлари;
- давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ва (ёки) унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахснинг устав фонди (устав капитали) акцияларига ёки улушларига эгалик қилса, ўша юридик шахс;
- давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ёхуд унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахсда бошқарув органининг раҳбари ёки аъзоси бўлса, ўша юридик шахс.
Қонунга кўра, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир. Давлат органи ёки бошқа ташкилот ходими томонидан қонун талабларига риоя этилиши устидан назорат ушбу давлат органида ёки бошқа ташкилотда тузилган одоб-ахлоқ комиссияси томонидан амалга оширилади.
Қонунга кўра, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими томонидан мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабарнома ҳамда эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисида декларация тақдим этиш орқали амалга оширилади.
Эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияда қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:
- давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг лавозими ҳамда унинг фамилияси, исми, отасининг исми, шунингдек унинг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами;
- давлат органи ёки бошқа ташкилот ходими яқин қариндошларининг фамилияси, исми ва отасининг исми, уларнинг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (мавжуд бўлган тақдирда), шунингдек иш жойи ва лавозими;
- давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ёки унинг яқин қариндошлари акциядор бўлган акциядорлик жамиятининг расмий номи ва унинг солиқ тўловчининг идентификация рақами;
- давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг яқин қариндоши муассис (иштирокчи), бошқарув органи аъзоси бўлган юридик шахснинг расмий номи, шунингдек унинг солиқ тўловчининг идентификация рақами.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга киради.
LiveБарчаси