Ўрмонда адашган арманларни қутқармоқчи бўлган тўрт аскаримиз ҳалок бўлди – Озарбайжон

Олам

image

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасида вазият яна кескинлашиши мумкин. Томонлар Озарбайжон, Россия Президентлари ва Арманистон Бош вазири томонидан имзоланган Тоғли Қорабоғдаги ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги сулҳ бузилганини даъво қилмоқда. Ҳудда ўт очиш ҳолатлари кузатилган. Озарбайжон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати бўлаётган воқеалар юзасидан қўшма баёнот берди. Баёнот Озарбайжон Республикаси Мудофаа вазирлигининг расмий саҳифасида эълон қилинди.

Унга кўра, 9 ноябрда имзоланган битимга биноан сулҳ эълон қилинганидан сўнг, баъзи арман қуролли тузилмалари Озарбайжоннинг Хожавонд вилояти Ҳадрут қишлоғининг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган ўрмонзорда қолиб кетган. Арманистон томони Россия Федерациясининг тинчликпарвар кучлари қўмондонлигига уларни ушбу ҳудуддан олиб чиқиб кетиш тўғрисида илтимос билан мурожаат қилган.

“Озарбайжон томони ўрмонда адашиб қолган арман қуролли тузилмаларини ҳудуддан олиб чиқиш учун барча шароитларни яратиб берди. Қийин об-ҳаво шароитида Россия тинчликпарвар кучларининг ҳарбий хизматчилари ушбу ҳудудга етиб келишди ва карнайлар ёрдамида ўрмонзор ҳудудидаги арман қуролли отрядларига мурожаат қилиб, уларни ушбу ҳудуддан эвакуация қилиш учун зарур чоралар кўрилганини айтишди”, дейилади баёнотда.

Баёнотда келтирилишича, Арман қуролли отрядлари ҳудудни тарк этмаган. Аксинча улар жанговар позициялар яратиб, ушбу ҳудуддаги Озарбайжон ҳарбий хизматчиларига қарши террористик-провокацион ҳаракатларни амалга оширган. Ҳужум оқибатида жами 4 киши вафот этган ва 2 киши жароҳат олган.

“Арман қуролли отрядлари ҳудудни тарк этмади, аксинча улар жанговар позициялар яратдилар ва сўнгги кунларда Озарбайжон томонида давлат хизматини ўтаётган шахсларга ҳамда ушбу ҳудуддаги ҳарбий хизматчиларга қарши террористик-провокацион ҳаракатларни амалга оширдилар. Шундай қилиб, жорий йилнинг 26 ноябрида Хожавонд вилояти Сур оккупациясидан озод қилинган, ушбу ҳудудда расмий вазифаларини бажараётган Озарбайжон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларига кутилмаганда ҳужум қилиниши оқибатида 3 нафар ҳарбий хизматчимиз ўлдирилди ва 2 киши жароҳатланди. 8 декабрь куни битта ҳарбий хизматчи ўлдирилди ва “Azercell” компанияси ходими шу минтақадаги Ҳадрут қишлоғи яқинида алоқа ускуналарини ўрнатаётганда жиддий жароҳат олди”, дейилади ахборотда.

Қўшма баёнотда қайд этилишича, юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Озарбайжон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ушбу ҳудудда аксилтеррор операциясини ўтказишга мажбур бўлган.

“Арманистон томони уч томонлама баёнот қоидаларининг бажарилишини таъминлаши, сулҳ ва тинчлик режимига риоя қилинишини қўллаб-қувватлаши, қолган арман қуролли бўлинмалари ёки Арманистон қуролли кучларининг қолдиқлари орқали провокациялар уюштиришдан воз кечиши, шунингдек, вазиятни атайин оғирлаштирмаслиги шарт”, дейилади баёнотда.

Ахборотга кўра, Озарбайжон Республикаси уч томонлама битим қоидаларига риоя қилган ҳолда, минтақада тинчликни таъминлаш бўйича ҳаракатларини Россия Федерацияси тинчликпарвар кучлари билан яқинлик ва ҳамкорликда давом эттиради.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 9 ноябрь куни Россия ва Озарбайжон Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ҳамда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш тўғрисида қўшма баёнотни имзоладилар.

Кейинчалик, Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон Қуролли кучлари Тоғли Қорабоғда ҳужумга ўтганини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон Арманистон Қорабоғ

Баҳолаганлар

590

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг