Урганч халқаро аэропорти фаолиятини тўхтатади
Жамият
−
23 Июнь
18127Жорий йилнинг 20 июль Тошкент вақти билан соат 00:01 дан 7 август соат 23:59 гача Урганч халқаро аэропорти учиш-қўниш йўлаги капитал таъмирлаш ишлари бошланиши муносабати билан фаолиятини тўхтатади. Бу ҳақда “Uzbekistan Airports” хабар берди.
Маълум қилинишича, аэропорт учиш-қўниш йўлагининг узоқ муддатдан бери ишлаши ҳамда ҳаво кемаларининг қўниш ва учиш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ушбу давр оралиғида капитал қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилади. Жумладан, узунлиги 3000 метр ва эни 16 метр бўлган учиш-қўниш йўлаги юзасини бутунлай алмаштириш ва мустаҳкамлаш режалаштирилган. Шунингдек, иккинчи ва учинчи юриш йўлаклари ҳам капитал таъмирланади.
Капитал таъмирдан сўнг Урганч аэропортининг учиш-қўниш йўлаги Boeing 787 вa Airbus A330 каби кенг фюзеляжли самолётларни чекловларсиз қабул қила олади.
Билдирилишича, Урганч шаҳридаги учиш-қўниш йўлагини капитал реконструкция қилиш охирги марта бундан 27 йил олдин, яъни 1997 йилда, шикастланган қисмларини қисман таъмирлаш эса 2018 йилда амалга оширилган.
“Реконструкция даврида барча режалаштирилган рейслар Нукус халқаро аэропортига йўналтирилади, йўловчилар Нукус ва Урганч аэропортлари ўртасида трансферлар билан таъминланади. Парвозлар ҳақида қўшимча маълумот олиш учун авиакомпанияларга мурожаат қилиш тавсия этилади”, дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент аэропортини кўчириш ҳақидаги ҳукумат қарори бекор қилингани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь