Умуман бемаъни маълумот – МБ раиси Россия билан олтин савдоси бўйича миш-мишлар ҳақида
Олам
−
24 Октябрь 5866 2 дақиқа
Бир неча ой олдин “The Economist” журналида Ўзбекистон Россия олтинини олиб сотаётгани ҳақида мақола эълон қилинган. Ушбу мақола юзасидан Марказий банк раиси Темур Эшметов бугун, 24 октябрь куни Марказий банкнинг асосий ставка бўйича матбуот анжуманида изоҳ берди.
“Умуман ҳақиқатдан йироқ бўлган маълумот. Биз ҳеч қачон бошқа давлатлардан олтин сотиб олмаганмиз ва сотиб олиш ниятимиз йўқ. Худога шукр, ўзимизга етарли олтинимиз бор. Сиз айтаётган нашриётлар бўйича агар тўғри тушунаётган бўлсам, бир неча йил олдин ҳақиқатдан ҳам “The Economist” журналидаги мақолада шундай маълумот чиқди. Биз уларга расмий мурожаат қилиб, бу маълумот қаердан чиққани ҳақида савол қўйдик, нотўғрлигини кўрсатдик. Улар кейинги сонида шу мақоласидаги хатоликни тўғирлаб қўйди”, дейди Темур Эшметов.
Шунингдек, у “The Economist” эълон қилган маълумотларни бемаъни деб атаган.
“Бу – нотўғри. Жудаям бир тушунарсиз ҳолат бўлган. Нопрофессионаллик. Жудаям ҳайрон қолдим. Умуман ҳақиқатдан узоқ, умуман бемаъни маълумот”, дейди Марказий банк раиси.
Маълумот учун, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон 9,9 млрд долларлик олтин экспорт қилган. Бу 2024 йилнинг мос давридаги нисбатан 70,9 фоизга кўп дегани. Шунингдек, мазкур кўрсаткич ўтган даврларда йиллик қийматда ҳам кузатилмаган тарихий максимум ҳисобланади.
Live
Барчаси