Умрзоқов Ортиқхўжаевнинг “Пахтакор”ига 7 млрд ўтказиб беряпти

Спорт

image

Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджетидан “Пахтакор” футбол клуби ҳисобига 7 миллиард сўм маблағ ўтказиб берилади. Шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов бу бўйича тегишли қарорни қабул қилди.

Унга кўра, “Пахтакор” ФК МЧЖнинг коммунал хизматлари, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган бошқа тўловлар ва ўйин ўтказиш харажатларини қоплаб бериш мақсадида шаҳар ҳокимлигининг клуб устав фондидаги улушини ошириш ҳисобига маҳаллий бюджетнинг захира жамғармаси ҳисобидан 7 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Шаҳар ҳокими мазкур қарорни имзолашда Вазирлар Маҳкамасининг “Футбол клублари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (2021 йил 30 апрель) 261-сон қарори (унда Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Бунёдкор” ва “Пахтакор” жамоаларига бош ҳомий экани кўрсатилган) ҳамда “Пахтакор” клубининг 2023 йил 13 июлдаги мурожаати инобатга олинганини қайд этган.

Шунингдек, унда келтирилишича, Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси 2023 йил Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига тегишли ўзгартиришлар киритади. Ғазначилик бошқармаси ажратилган маблағни ўрнатилган тартибда молиялаштириш чораларини кўради. Клуб устав фондини тақсимланган маблағлар ҳисобига ошириш чораларини кўради ҳамда маблағларнинг мақсадли сарфланишини таъминлайди.

Маълумот учун, “Пахтакор” клуби собиқ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли. Суперлигада 13 та ўйин ўтказган клуб 28 очко билан турнир жадвалида 2-ўринда бўлиб турибди.

Эслатиб ўтамиз,  жорий йилнинг 24 июнь куни Жаҳонгир Ортиқхўжаев “Пахтакор” жамоасининг Қибрайдаги ўқув йиғин машғулотлари базасида футболчилар билан учрашган эди. Унда собиқ ҳоким сўнгги ойларда комплексда амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишган ва жамоа аъзолари билан суҳбатлашган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг