Жаҳонгир Ортиқхўжаев кўриниш берди
Жамият
−
26 Июнь 2023
28020“Пахтакор” футбол клуби эгаси Жаҳонгир Ортиқхўжаев узоқ муддатли танаффусдан сўнг жамоа аъзолари билан суҳбат фонида илк марта кўриниш берди. Бу ҳақда клуб Ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ортиқхўжаев 24 июнь куни “Пахтакор” жамоасининг Қибрайдаги ўқув йиғин машғулотлари базасида бўлган. Сўнгги ойларда комплексда амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишган ва футболчилар билан суҳбатлашган.
“Аввало, Сизларга сўнгги икки йилда қўлга киритилган чемпионлик учун раҳмат айтаман. Мен бундан қувондим. Бу анъанани бузмаслигимиз керак. Энг муҳими, сиз эътибордаги одам эканингизни унутмасангиз ва биз билан бир жамоа бўлишда давом этсангиз кифоя, қолган яхши шароитларни яратиб беришда давом этамиз”, дейди жамоа раиси.
Шунингдек, у Ўзбекистонда бўлиб ўтган Осиё чемпионатига ҳам алоҳида тўхталиб ўтган.
“Жамоамиз аъзолари терма жамоа сафида Осиё чемпиони бўлди. Сиз ҳали ёшсиз, умрингизни беҳуда ўтказманг. Катта акаларингиз каби ном қозонинг, ўз қадрингизни билинг, меҳнат қилиб Европага кетинг, мен хурсанд бўлай. Аббос, айниқса, сендан умидимиз катта. Мен ишонаман, сен ҳали “Пахтакор” билан юқори марраларни забт этасан ва Европанинг топ клубларида ўйнайсан”, дейди Ортиқхўжаев.