Умрага отланган 100 дан ортиқ қирғизистонлик Тошкентда қолиб кетди
World
−
16:19 780 2 minutes
Умра зиёратига йўл олган 104 нафар Қирғизистон фуқароси жорий йил 12 ноябрдан буён Тошкентдан Саудия Арабистонига учиб кета олмаяпти. Бу ҳақда бугун, 16 ноябрь куни Жогорку Кенешнинг Меҳнат, соғлиқни сақлаш, хотин-қизлар ишлари ва ижтимоий масалалар қўмитаси йиғилишида депутат Бурул Аманова маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Тошкентда қолиб кетганларнинг аксарияти Жалолобод ва Боткен вилоятлари аҳолиси. Уларнинг кўпчилиги пенсия ёшида бўлиб, соғлиғида муаммолари бор.
Депутатнинг айтишича, бугун, 16 ноябрь зиёратчиларга кечқурун учиб кетишни ташкил этишга ваъда берилган. Бироқ фуқароларнинг ўзлари рейслар ҳақида аниқ маълумот тақдим этилмагани сабабли шунчаки яшаб турган жойларидан чиқариб юборилишидан хавотирланмоқда.
Бурул Омонова “Нур-Умра” компанияси вакиллари билан боғланган. Унинг сўзларига кўра, компаниядагилар агар зиёратчиларнинг ҳар бири қўшимча 400 доллардан тўласа, уларни манзилга жўнатишга тайёр эканликларини билдирган. Фуқаролар бу шартга рози эмас: улар сафар харажатларини аллақачон тўлаб бўлган ва депутатнинг маълум қилишича, илгари ҳам яна 100 доллардан қўшимча пул тўлашга мажбур бўлган.
Депутат ИИВ ва муфтиятни вазиятга ойдинлик киритишга ҳамда фуқароларга ёрдам беришга чақирган.
Маълумот учун, жорий йилнинг 13 ноябрь куни Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси фуқароларни Умра сафари учун сайёҳлик компанияларини диққат билан танлашга чақирган. Муфтият “Нур-Умра” компанияси фаолияти устидан бир неча бор телефон орқали мурожаатлар ва расмий шикоятлар келиб тушганини маълум қилган.
Маълумотларга кўра, компания зиёратчиларни “Умра” ягона электрон иловасида рўйхатдан ўтказмасдан сафарга жўнатган. Шу муносабат билан ихтисослаштирилган бўлим тегишли далолатнома тузган. Компания вакилларига бир неча бор қўнғироқ қилиниб, огоҳлантириш берилган.
Шу билан бирга, 13 ноябрдаги мурожаатида муфтият 100 дан ортиқ Қирғизистон фуқароси бир неча кундан бери Тошкентдан учиб кета олмаётгани ҳақида хабар бермаган. Идора фақат компания фаолияти масаласи идоралараро комиссия кўриб чиқиши учун топширилганини қайд этган. Текширув якунлари бўйича қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилиши ваъда қилинган.
Live
All