Умрага кетаётганлар қўшимча 132 АҚШ доллари тўлайди
Жамият
−
08 Октябрь 2019
9106Умрага боришни режалаштираётган ўзбекистонликлар энди умумий тўловдан ташқари яна 132 АҚШ доллари миқдоридаги маблағни тўлашлари керак. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан Умра зиёрати бўйича брифингда маълум қилинган.
“Жорий йил сентябрь ойидан бошлаб САП ҳаж ва умра ишлари вазирлиги томонидан ҳар бир зиёратчи учун қўшимча 132 АҚШ доллари миқдорида маблағ жорий этилмоқда. Харажатлар сметасига ушбу маблағ киритилмаган. Келишувга кўра, мазкур қўшимча маблағ умра зиёрати учун жорий йил ноябрь ойидан бошлаб тузиладиган кейинги шартномада қўшилиши белгилаб олинди”, дейилади брифингда.
Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳукумати томонидан ҳаж ва умра соҳасида чет эл зиёратчиларига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида зиёратчиларга хизмат кўрсатишнинг янги тизими, яъни электрон платформа жорий қилинган. Янги тизим тўлиқ ишга туширилмаганлиги сабабли 20 кун САПга кириш визаси фаолияти тўхтаб қолган. Шу йилнинг 25 сентябрь кунидан бошлаб электрон платформа орқали дастлаб кичик гуруҳли (5-25 нафар) умра зиёратчиларига “В2С” турдаги кириш визалари расмийлаштириш бошланган.
“Умра зиёратига келиши режалаштирилаётган ҳукуматлараро келишув асосидаги катта гуруҳларга эса мазкур порталнинг тўлиқ ишга туширилмаганлиги сабабли “В2В” турдаги виза бериш тизими ҳозиргача ишга тушмаганлиги ҳақида расмий билдирилди. Ушбу турдаги кириш визасини расмийлаштириш бўйича Ўзбекистон ҳукумати томонидан барча амалий ишлар амалга оширилиб, жараён шай ҳолга келтирилган. САПдаги ҳамкорлар томонидан ўзбекистонлик зиёратчиларни кутиб олиш ишлари ниҳоясига етган. Барча шарт-шароитлар ҳозирлаб қўйилган”, дейди Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари М.Комилов.
Маълумот ўрнида, 2019 йил умра мавсуми учун сарф-харажатлар сметаси лойиҳаси ишлаб чиқилиб, ҳар бир зиёратчидан олинадиган маблағ ўтган мавсумда умра сафари учун тўланадиган маблағ миқдоридан арзонлаштирилган. Тўлов миқдори 11 600 000 сўмдан 11 450 000 сўмга туширилган.
Ҳар бир зиёратчи учун тўланадиган маблағ ичига:
• Саудия Арабистони Подшоҳлиги расмий визаси;
• Тошкент-Жидда-Тошкент йўналиши бўйича авиачипта;
• Макка ва Мадина шаҳарларидаги 5 ва 4 юлдузли меҳмонхона;
• ошпазлар томонидан тайёрланадиган тансиқ таомлар; сархил мевалар, ширинликлар, салқин ичимликлар;
• 24 соатлик бепул тўлиқ тиббий хизмат;
• мамлакатимиз рамзлари туширилган махсус нимча ва сумка;
• Умра қўлланмаси (китоби), бейжик, қўл тасмаси, вакцина, замонавий транспорт ҳамда бошқа зиёрат хизматлари киритилган.
LiveБарчаси