Умра зиёрати қисман сайёҳлик фирмаларига берилиши эълон қилинди

Жамият

image

Умра сафарини сайёҳлик фирмалари орқали ҳам қисман ташкил этиш масаласи кўриб чиқиляпти. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати маълум қилди.  

Шунингдек, қайд этилишича, Саудия Арабистонида COVID-19 пандемияси билан боғлиқ ўрнатилган карантин талаблари аста-секин юмшатилиб, Саудия ҳукумати томонидан барча давлатлар, хусусан, Туркия, Малайзия, Индонезия, Эрон ва Миср каби йирик мусулмон мамлакатларига Умра зиёратини ташкил этишга рухсат берилди. 

Бу эса, ўз навбатида, меҳмонхона ва бошқа турдаги сервисларга талаб ошишига, хусусан, Рамазон ойида ташкил этиладиган Умра тадбирларининг нарх-навосига таъсир кўрсатишига сабаб бўлиши ҳақида ҳам маълумот берилган эди. 

“Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳамкор ширкат вакиллари билан Рамазон ойида ташкил этиладиган Умра зиёрати юзасидан музокаралар олиб борилди ва белгиланадиган нарх бўйича ўзаро келишувга эришилди. Таъкидлаш зарурки, Рамазон ойида Саудия Арабистонидаги мавжуд шароитдан келиб чиқиб, хизмат кўрсатиш нархлари ошаётган бўлса-да, саъй-ҳаракатлар натижасида Шаввол ойида (Рамазон ойидан кейин) Умра мавсумининг охиригача зиёратчиларнинг сафар харажатлари учун амалдаги мавжуд қиймат сақлаб қолинади. Яна бир муҳим масала, юртдошларимизнинг Умра зиёратига бўлган талаб ва истакларини инобатга олиб, Умра сафарини сайёҳлик фирмалари орқали ҳам қисман ташкил этиш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қиламиз”, дейилади хабарда. 

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 17 март ҳолатига 21 мингдан ортиқ зиёратчи Саудия Арабистонига жўнатилиб, улардан 16 минг нафардан зиёдроғи Умра амалларини тўлиқ адо этиб, Ўзбекистонга қайтиб келган. Ҳозирда 5 минг 600 нафарга яқин зиёратчи Саудия Арабистонида Умра зиёратларини амалга оширмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Умра зиёрати

Баҳолаганлар

164

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг