Тошкент халқаро аэропортида Сурияга террорчилик мақсадида кетаётган ака-ука ушланди
Жамият
−
06 Май 2019
8785Тошкент шаҳар ИИББ ака-ука фуқаролар Убайдулла ва Исматулла Баҳромовларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари тўғрисида махсус баёнот берди.
“Айрим оммавий ахборот воситаларида Тошкент шаҳрида гўёки тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи Убайдулла ва Исматулла Баҳромовларни Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ноқонуний ҳибсга олинганлиги ва уларга нисбатан ноҳақ айблов қўйилаётганлиги ҳақида асоссиз маълумотлар тарқалди”, дейилади баёнотда.
Тошкент шаҳар ИИББ маълумотига кўра, жорий йилнинг 20 апрель куни 1985 йилда туғилган Убайдулла Ғайбуллаевич Баҳромов ва 1987 йилда туғилган Исматулла Ғайбуллаевич Баҳромов Сурия давлати ҳудудидаги халқаро террористик ташкилотлар сафига қўшилиш мақсадида Тошкент халқаро аэропортига кетаётган вақтларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан қўлга олинди.
Текширув давомида уларнинг ёнларидан “Тошкент – Истанбул” йўналиши бўйича 20 апрель кунги рейсга сотиб олинган авиачипталар ва мобил телефонлари ўрнатилган тартибда расмийлаштириб олинди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита хулосасига кўра, У.Ғ.Баҳромовнинг мобил телефонлари хотираларида ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материаллар мавжудлиги аниқланди.
У.Ғ.Баҳромов ва И.Ғ.Баҳромовнинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 244-2-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноят таркиби мавжудлиги инобатга олиниб, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Тергов жараёнида мазкур шахсларнинг қонуний манфаатлари адвокат М.Т.Парпиева томонидан ҳимоя қилиниб келинмоқда, дейилади хабарда.
LiveБарчаси