Умид қиламанки сафингизда 41 ўлчамдаги оёқ кийим киядиган қаллоблар ишламаяпти – Варламов ДБҚга жавоб қайтарди

Жамият

image

Аввалроқ, Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси россиялик блогер Илья Варламов билан чегарада юз берган ҳолатга муносабат билдиргани ҳақида хабар берган эдик.

Блогер Қозоғистондан Ўзбекистонга ўтиш вақтида чегарада бўлган ҳолатни, божхоначиларнинг хатти-ҳаракатини айтиб берган.

“Қозоқ-ўзбек чегарасидан ўтаётганимда содир бўлган қизиқ ҳолат ҳеч эсимдан чиқмайди. Қозоғистондан чиқиб, Ўзбекистон чегарасидан ўтаётганимда ўзбеклар юкхонани очиб, чамадонимни титкилай бошлади. Чегарачи кроссовкаларни олди ва сўради: “Ўлчами неча?” Мен айтдим: 43. У эса: “Афсус, 41-ўлчам йўқми?”. Худди дўконда юргандек нарсаларни титкилади. Кейин у чамадонимиздаги сигаретларни топди ва уларни олиб қўйди. Яхшиям кроссовкам 41 ўлчамда эмасди деб ўйладим, бўлмаса кроссовкаларни олиб қўярди”, деган Варламов.

ДБҚнинг бунга муносабатида Варламов яқин 5 йилда Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидан ўтмагани, у 2020 йилда Самарқандга келиб, у ердан Тожикистонга кетгани айтилган.

Россиялик блогер Қўмитанинг муносабатига ҳам ўз изоҳини берди ва ташкилотни хорижий фуқаронинг шахсий оид маълумотларни ошкор қилмасликка чақирди.

“Ҳурматли Ўзбекистон божхона қўмитаси, сизларда ҳаммаси яхшими? Умид қиламанки, эндиликда сафингизда 41 ўлчамдаги оёқ кийим киядиган қаллоблар ишламаяпти. Бу 10 йил олдин бўлган ва аминманки, бу вақт ичида сизлар яхши томонга ўзгардингиз. Аммо мукаммалликнинг чегараси йўқ. Божхона қўмитаси фаолиятини яна бироз яхшилаб, Россия фуқароларининг шахсий маълумотлари ва сафари тафсилотларини ошкор этишни тўхтатишни таклиф қиламан”, деган Варламов.

Маълумот учун, Илья Варламовнинг 2010 йилдаги Ўзбекистонга саёҳати бўйича қайдларига кўра, у қозоқ-ўзбек чегарасидан тез ўтган. У чегарада барча техника воситалари ва пуллар декларация қилиниши кераклигини, акс ҳолда муаммога дуч келиш ҳеч гап эмаслигини ёзган. Шунингдек, блогер чегарада фотоаппаратидаги суратлар алоҳида текширилганини ҳам қўшиб ўтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Илья Варламов

Баҳолаганлар

513

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг