“41-ўлчамли кроссовка йўқми” – Божхона қўмитаси россиялик блогернинг иддаоларига муносабат билдирди

Жамият 8697
image

Ижтимоий тармоқларда россиялик блогер Варламов Илья Александрович Қозоғистондан Ўзбекистонга ўтиш чоғида чегара ўтказиш пунктларидаги фуқаролар ва уларнинг қўл юкларини тегишли назорат тартиб-таомилларидан ўтказилишига доир шахсий фикрларини билдириб ўтган видео тарқалди.

Ўзбекистон Давлат божхона қўитаси шу видеода айтилган ҳолатларга расмий муносабат билдирди.

Унда айтилишича, блогер Варламов Илья Александрович сўнгги 5 йилда Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги автомобиль ўтказиш пунктлари орқали умуман ҳаракатланмаган. Блогер фақатгина жорий йилнинг 9 февраль куни тонги соат 05:10 да Россия Федерациясидан тўғридан тўғри Самарқанд аэропортига учиб келган ва 10 февраль куни мазкур вилоятдаги “Жартепа” чегара божхона пости орқали Тожикистон Республикасига чиқиб кетган.

“Жартепа” чегара божхона постида ҳам ушбу шахс соддалаштирилган тартибда ва тезкорлик билан божхона назоратидан ўтказилган.

“Самарқанд халқаро аэропорти” ва “Жартепа” чегара божхона постларида хизмат олиб бораётган ходимлар билан ушбу шахс ўртасида ҳеч қандай тушунмовчиликлар келиб чиқмаган”, дейилади қўмита хабарида.

Блогер эса ўз навбатида, божхоначилар унинг жамадонини кавлаб текширгани ва 41-ўлчамли кроссовка йўқми деб сўраганини айтиб, норозилик билдирганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 537
Рейтинг: 3
Теглар
t
×