Умаров Эрдўған ва куёвини Ўзбекистонда “Teknofest” ўтказишга кўндирди

Технология

image

Ўзбекистонда ҳам Туркиядаги каби аэроконмонавтика ва технология фестивали – “Teknofest” ўтказилади. Бу ҳақда Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ўзининг Instagram’даги саҳифаси орқали хабар берди. 

Маълумки, жорий йилнинг 30 август – 4 сентябрь кунлари Туркиянинг Самсун шаҳрида “Teknofest Aero & Tech 2022” фестивали бўлиб ўтди. Унда доимгидек, юқори даражали технологиялар ва аэрокосмонавтика бўйича ишланмалар намойиш этилди. Шунингдек, “Baykar Makina” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган янги товушдан тез учувчи учувчисиз ҳаво воситаси – “Kizilelma” тақдимоти ўтказилди. У “Akinci” ва “Bayraktar” дронларининг янги авлодидир. 

Фестивалда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам қатнашди. Шунингдек, унда Ўзбекистон павильони ҳам қад ростлади. Ўзбекистон номидан Президентнинг кенжа куёви – Президент хавфсизлик хизмати раҳбари биринчи ўринбосари Отабек Умаров, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ҳам иштирок этди. 

Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва “Baykar Makina” компанияси асосчиси Селчук Байроқдор билан мулоқотлар давомида “Teknofest” каби аэроконмонавтика ва технология фестивалини 2024 йилда Ўзбекистонда ўтказишга келишиб олинган. 

“Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва “Baykar Makina” компанияси асосчиси Селчук Байроқдор билан техника, авиация ва космос йўналишидаги “Teknofest”га ўхшаган жуда катта фестивални 2024 йилда Ўзбекистонда ўтказиш бўйича музокаралар олиб бордик”, дейди Алишер Саъдуллаев. 

Маълумот учун, “Bayraktar” ишлаб чиқарувчиси Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг қудаси саналади. Учоқларнинг асл муаллифи унинг куёви Селчук Байроқдор.

Фестивал 2018 йилда илк бор ташкил этилган. 2019 йилда хорижий давлатлардан 1,7 миллион шахсан ташриф буюрувчилар ва яна кўплаб қизиқувчиларга мезбонлик қилган “Teknofest” жорий йилда дунёнинг энг йирик авиация кўргазмасига айланди.

Турли давлатлар талабалари ўртасида конкурслар ва мудофаа технологияларини намойиш этиш баробарида “Teknofest” кўплаб мамлакатлар ҳаво кучларининг ер ва ҳаводаги имкониятларини намойиш этиш учун идеал платформа бўлиб ҳам хизмат қилмоқда. 


Мақола муаллифи

Теглар

Bayraktar Teknofest” Baykar Makina Kizilelma

Баҳолаганлар

349

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг