Ўлим, нажот ва умид ёхуд олов ичида “қовурилаётган” Туркия (фоторепортаж)

Олам

image

Хабарингиз бор, Туркиядаги ғайритабиий иссиқлик туфайли мамлакатнинг ғарбий ва жанубий вилоятларида бошланган ўрмон ёнғинлари ҳануз давом этмоқда.

Охирги 9 кун ичида мамлакатда 187 та ўрмон ёнғинлари содир бўлди. 2 август ҳолатига кўра, 31 вилоятда 129 ёнғин ўчирилган, 15 ёнғин эса давом этмоқда. Aнталия, Муғла, Испарта ва Денизли каби 4 вилоятда 9 та ёнғинни ўчириш ишлари амалга ошириляпти.

Aйни дамда, ёнғинларни ўчириш учун 20 та самолёт, 51 та вертолёт, 850 дан ортиқ ер усти ўт ўчириш ускуналари, 150 дан ортиқ ёрдамчи қурилиш ва ишчи транспорт воситалари, 1 та учувчисиз вертолёт ва барча давлат идораларининг 5 мингдан ортиқ ходими ҳамда армия, жандарм ва денгиз флоти ҳам жалб қилинган.

Шунингдек, ёнғин Сид ва Aлания каби курорт вилоятларини ҳам қамраб олган. Мармарис, Бодрум, Aдана, Кайсери ва Мерсиндаги ўрмон ёнғинларининг зич тутуни туфайли қуёш деярли кўринмас ҳолатга келган. Ёнғинлар сабаб Aнталия “фалокат зонаси” деб эълон қилинди. Сайёҳлар Мармарис ва Бодрумдаги бир қанча меҳмонхоналардан эвакуация қилинди. 

Кеча, 4 август куни Туркиядаги кучли ўрмон ёнғинлари жануби-ғарбий Муғла вилоятининг Милас туманида жойлашган Кемеркўйдаги иссиқлик электр станциясига ҳам етиб келди. 

Мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Туркиядаги ўрмон ёнғинларини коронавирус пандемияси ва терроризм билан таққосланадиган халқаро таҳдидга айланганини таъкидлади. 

Қайд этиш керакки, Туркияда террорчилик ташкилоти деб тан олинган “Олов болалари ташаббуси” ҳаракати мамлакатдаги ўрмонларда юз бераётгани ёнғинлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олган.

Туркия олов ичида

Жорий йилнинг 28 июлида Туркияда ўрмон ёнғинлари бошланди. Ёнғин мамлакатнинг бир қанча вилоятларига тарқалган. Уларнинг ичида энг азият чеккани сайёҳлик вилояти — Aнталия бўлиб турибди. Бир неча кундан бери давом этаётган ёнғинлар оқибатида 9 киши ҳалок бўлган ва 864 дан ортиқ киши жароҳатланган. Туркия Президенти зарар кўрган ҳудудларни фалокат ҳудуди, деб эълон қилган.

Қайд этиш керакки, кеча, 30 июль куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Туркиядаги ўрмон ёнғинларини ўчириш ва уларнинг кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида мамлакатга ёрдам гуруҳлари юборилишини маълум қилди.

Шунингдек, Украина, Россия ва Испания ҳам Туркияга ўрмон ёнғинларини ўчириш учун ёрдам кучларини юборди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

255

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг