“Дўст оғир кунда билинади”. Озарбайжон Туркияга ёрдам бермоқчи
Олам
−
30 Июль 2021
10297Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг топшириғига мувофиқ, Туркиядаги ўрмон ёнғинларини ўчириш ва уларнинг кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида мамлакатга ёрдам гуруҳлари юборилади. Бу ҳақда Озарбайжон Президентининг ёрдамчиси — Давлат раҳбари маъмуриятининг ташқи сиёсат масалалари бўлими бошлиғи Ҳикмет Ҳожиев маълум қилди.
“Бу борада давлат раҳбари Бош вазир ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигига керакли кўрсатмаларни берди. Тегишли давлат тузилмалари Туркия томони билан боғланди ва имкон қадар тезроқ ёрдам гуруҳлари қардош мамлакатга йўл олади”, деган Ҳожиев.
Озарбайжон Президенти матбуот хизматининг хабар беришича, Алиев Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўғанга таъзия йўллаган. Алиев Озарбайжон халқи номидан ҳалокатли ёнғинларда ҳалок бўлганларнинг оилалари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирган ва қурбонларга тезроқ соғайиб кетишини тилаган.
Аввалроқ, Украина Туркияни қамраб олган ўрмон ёнғинларини ўчириш учун мамлакатга иккита самолёт юборганди.
Эслатиб ўтамиз, Туркиянинг ғарбий ва жанубий соҳилларида 28 июлдан бери ўрмонлар ёнмоқда. Олов Анталиянинг машҳур туристик ҳудудига ҳам етиб борган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин минтақадаги кучли жазирама туфайли келиб чиққан. Анталия маъмурияти бу сўнгги йиллардаги энг кучли ёнғин бўлганини таъкидламоқда.
Ёнғин қурбонлари сони 4 кишига етган, 183 киши жароҳатланган. 58 киши шифохонага ётқизилган. Ёнғин оқибатида 100 дан ортиқ хусусий уйлар ва иншоотлар зарар кўрган.
LiveБарчаси