Ўлим, қамоқ, тошбўрон ва мусодара: дунё коррупция билан қандай курашмоқда?

Бу қизиқ

image

Бугун, 5 март куни Сенатда ўтган йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятидан мутлақо норозилигини айтди. Коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилишда агентлик ходимлари вазирликларга, ҳудудларга бориб, аниқ бир соҳани таҳлил қилиб, муаммоларга ечим бериш ўрнига, қўзғатилган жиноят ишларини санайдиган қуруқ статист бўлиб қолгани қайд этилди. Маълум қилинишича, Президент топшириғи билан инвестиция дастурлари устидан назорат кучайтирилганидан кейин ўтган йилнинг ўзида 3 триллион сўм иқтисод бўлган. Ёки соғлиқни сақлаш тизимида “Ситуацион марказ” ишга туширилгани ҳисобига 2024 йилда 1,2 триллион сўмлик мақсадсиз харажатларнинг олди олинган.

“Лекин нега бу ишлар Президент топшириқ берганидан кейин бошланиши керак?”, дея савол қўйди давлат раҳбари.

Шунингдек, йиғилишда халқаро тажрибани ўрганиб, киберкоррупцияга қарши самарали курашиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий база яратиш зарурлиги таъкидланди.

Хўш, ўзи дунё миқёсида коррупция билан қандай курашилади? Мақолада бир неча давлатларнинг коррупцияга қарши кураш усул ва тажрибалари ҳақида сўз боради.

Коррупция: дунё тажрибаси ва жазолар

Дания. 2023 йилдаги тадқиқотлар натижасига кўра, Данияда коррупция даражаси 0 га тенг дея баҳоланган.

Дания қонунларида порахўрлик, фирибгарлик, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш каби моддалар учун жиноий жазолар бор. Дания қонунларига мувофиқ давлат хизматчисига пора таклиф қилган шахс жарима ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин, пора олган давлат хизматчиларига нисбатан жарима ёки 6 йилгача қамоқ жазоси мавжуд.

Юқорида гувоҳи бўлганимиздек, бу давлатда коррупцияга қарши жуда қаттиқ жазо чоралари қўлланилмаса-да, мамлакат аҳолиси мутлақ коррупция жиноятига йўл қўймайди. Бунинг асосий сабаби аҳоли коррупция иллатининг инсонийликка тўғри келмаслигини онгли равишда тушуниб етган.

Хитой. Ушбу давлат коррупцияга қарши курашда етакчилар қаторида туради. Хитой қонунларида гиёҳванд моддалар, қотиллик жиноятлари билан бирга ҳукумат амалдорларига пора бериш учун ҳам ўлим жазоси мавжуд. Айниқса, сўнгги йилларда Хитой Коммунистик партияси юқори лавозимли амалдорларни шафқатсизларча ҳибсга олди ва қатл этди.

Хитойда жазо даражаси коррупция даражасига қараб фарқ қилади.

100000 юань (176 907 605 сўм)гача бўлган коррупция учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш;

100000 юандан ортиқ коррупция учун 10 йилдан бошлаб то умрбод қамоқ жазоси;

3 миллион юань (5 307 228 150 сўм) дан ортиқ коррупция учун ўлим жазоси.

Юқоридаги жазолар шахс ва унинг оиласининг барча унвонлари, хизматлари ва мол-мулкини мусодара қилиш билан бирга амалга оширилади.

Ўтган йилнинг октябрь ойида Хитой Марказий банки раисининг собиқ ўринбосари Фан Йифеи Марказий банк ва бошқа молия институтларидаги, жумладан, Хитой қурилиш банкидаги юқори лавозимидан фойдаланган ҳолда 386 миллион юань (54,55 миллион доллар)дан кўпроқ қийматдаги мол-мулкни ноқонуний қабул қилишда айбдор деб топилиб, шартли ўлим жазосига ҳукм қилинган.

Хитой ҳукумати коррупцияга қарши курашни маданий соҳада ҳам олиб бормоқда. Сўнгги йилларда мамлакатда коррупция ҳақидаги терговлар бўйича телевизион сериаллар машҳур бўлган, уларнинг асосий ғояси: ҳеч қандай сабаб билан давлат мулкини ўғирлаш мумкин эмас.

Эрон. 1979 йилдан бери, яъни Эронда Ислом инқилоби ғалаба қозонганидан буён маҳаллий судлар коррупционерларга қарши шариатга кўра калтаклаш, оёқ-қўлларини ампутация қилиш ва ҳатто тошбўрон қилиш каби жазо чораларини қўлламоқда.

2016 йилда Теҳрон бош прокурори Саид Мортазави суд томонидан коррупциявий жиноятларда айбдор деб топилганидан кейин 135 марта қамчи уришга ҳукм қилинган. Қамчининг 70 таси “давлат пулларини ўзлаштиргани” учун, яна 65 таси эса “ўз вазифаларини эътиборсиз қолдириб, молияни беҳуда сарфлагани” учун берилган.

2018 йилда Эронда яна коррупцион ҳолат аниқланган. Марказий банкнинг 16 нафар собиқ ходими 3,5 миллион долларлик пора олганликда айбдор деб топилган ва оммавий калтакланган. Жазо шу билан тугаб қолмай, амалдорлар қамоқхоналарга юборилиб, 74 қамчи урилган ва 10 йил озодликдан маҳрум қилинган.

Ҳиндистон. Пора бериш одатий ҳолга кирган ва ҳар қандай масала расмийлар иштирокида ҳал қилинадиган ушбу мамлакатда “Бешинчи колонна” деб номланган коррупцияга қарши курашиш жамоат ташкилоти тузилди.

2010 йилда ташкилот томонидан айнан товламачилар учун махсус купюра чиқарилди. Ушбу купюра одатийсига ўхшайди, аммо унда “пулни қалбакилаштириш қонун билан жавобгарликка тортилади”, деган ёзув ўрнига “пора бериш қонун билан жазоланади”, деган огоҳлантириш мавжуд. Банкнота ноль номинал қийматга эга. “Бешинчи колонна” жамиятидагиларнинг маълум қилишича, одамлар бу ғояни яхши кутиб олган ва банкнотлар адади кўп миқдорда босиб чиқарилган.

Чехия. Мазкур давлат пойтахти Прагада ғайриоддий техника қўлланилади. Маҳаллий сайёҳлик компанияси шаҳар меҳмонларини “Коррупция сафари” деб номланган тадбирда иштирок этишга таклиф қилади.

Уч соатлик экскурсияда порахўрлик қилган машҳур сиёсий мансабдор ва бошқа давлат амалдорларининг ҳашаматли қасрлари, уйлари ва жойлари намойиш этилади. Мазкур экскурсия коррупцияни “энг ижтимоий ёвузлик”, деб атайдиган Чехия ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланади.

Сингапур. Коррупция устидан ғалаба қозонган деб қаралувчи Сингапурда коррупцияга қарши кураш қатъий қонунлар ва жазо чоралари орқали амалга оширилади.

Улар қуйидагиларни ўз ичига олади:

Озодликдан маҳрум қилиш: коррупция жиноятлари учун қамоқ жазоси қўлланилади. Масалан, 2024 йилда собиқ транспорт вазири Субраманиам Исваран бизнесменлардан ноқонуний қимматбаҳо совғаларни қабул қилиш ва одил судловга тўсқинлик қилишда айбланиб, бир йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу Сингапурда сўнгги 40 йил ичида вазир билан боғлиқ биринчи коррупция иши ҳисобланади.

Жарима: коррупция жиноятларида иштирок этган шахслар молиявий жарималарга тортилиши мумкин. Жарима миқдори жиноятнинг оғирлигига ва олинган пора суммасига боғлиқ равишда белгиланади.

Мол-мулкни мусодара қилиш: ноқонуний йўл билан олинган мол-мулк ва активлар давлат фойдасига мусодара қилиниши мумкин.

Сингапурда коррупцияга қарши курашиш учун махсус ташкилот – Коррупция амалиётларини тергов қилиш бюроси фаолият юритади. Ушбу бюро давлат ва хусусий сектордаги коррупция ҳолатларини тергов қилади.

Ушбу қатъий чоралар натижасида Сингапур дунёдаги энг кам коррупциялашган давлатлардан бирига айланган.


Мақола муаллифи

Теглар

коррупция Ўзбекистон Эрон Хитой Сингапур Дания

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг