Ўлганнинг устига тепган! Яна Риштон...

Жамият

image

Ўлганнинг устига тепган деб шуни айтишса керак. Фарғона вилояти, Риштон туманидаги воқеалар алангаси эндигина сўнишни бошлаганда, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги туман раҳбариятига нисбатан янги айбловлар билан чиқди.

Жорий йилнинг 29 июль куни Ўзбекистон ахборот агентлигининг сайтида “жаннатдан хабарлар” қабилидаги навбатдаги материал эълон қилинган бўлиб, унда  27-28 июль кунлари Фарғона вилоятининг қатор туманларида ўтказилган ҳашар ишлари тўғрисида “Риштонда уйи бузилишга тушган ҳар бир оилага кўмак берилмоқда”номли  қарсакбозликка йўғрилган мақола эълон қилинганди. 

Хабарда қайд этилишича, 27-28 июль кунлари Фарғона вилоятининг қатор туманларида йўлларни кенгайтириш, объектлар қуриш ва ободонлаштириш ишларини ўтказиш учун “Азот” АЖ, “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи”, “Фарғона Иссиқлик энерго маркази” МЧЖнинг 4500 нафар ходимини жалб этиш орқали ҳашар ўтказилган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ЎзАнинг материалига нисбатан бу ҳашар эмас, балки мажбурий меҳнатнинг навбатдаги кўриниши эканини айтиб чиқди. 

“Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги шуни маълум қиладики, бу хилдаги тадбирлар меҳнат қонунчилигини тўғридан-тўғри бузиш ва оммавий равишда меҳнатга мажбурлаш ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сон Қарорига мувофиқ, ҳашар фақат ихтиёрий асосда ўтказилиши белгиланган. Ҳашарни ўтказиш учун умумхалқ ҳашарини ўтказиш тўғрисида Президентнинг тегишли ҳужжати ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори бўлиши шарт. Ҳашарлар унда иштирок этадиган шахслар меҳнат қиладиган тегишли ташкилот ҳудудида меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик нормаларига қатъий риоя этилган ҳолда ўтказилади. Ҳашарлар доирасида бошқа турдаги жамоат ишлари, шу жумладан, қурилиш-таъмирлаш ишларига мажбурий жалб этишга қатъий йўл қўйилмайди.

27-28 июль кунлари Фарғона вилоятининг қатор туманларида ўтказилган ҳашарлар Президентнинг тегишли ҳужжатисиз ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорисиз ўтказилган. Ҳашарлар доирасида бюджет ва бошқа ташкилот ходимлари қурилиш ва ободонлаштириш, шу жумладан, автомобиль йўллари бўйидаги ишларга жалб этилган.

Кўрсатиб ўтилган тадбирлар доирасида мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларини ўрганиш учун “Азот” АЖ, “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи”, “Фарғона Иссиқлик энерго маркази” МЧЖ корхоналарида ўрнатилган тартибда текширув ўтказиш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан 3 та гуруҳ шакллантирилди. Текширув натижалари бўйича кўрилган тегишли чора-тадбирлар ҳақида қўшимча маълумот берилади”, дейилади Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборотида. 

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бу хилдаги тадбирларнинг ўтказилишига йўл қўйилмаслигини алоҳида таъкидлаб, жойлардаги давлат ҳокимият органлари раҳбарларидан ҳар қандай мажбурий меҳнат кўринишларини тўхтатишни талаб этмоқда. 


Мақола муаллифи

Теглар

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Риштон

Баҳолаганлар

54

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг