Уларга берган ошимиз, кийдирган тўнларимиз зое – Сафоев QALAMPIR.UZ кўтарган муаммо ҳақида
Жамият
−
24 Август 2019
10781“Инвесторга нима керак? Бир мамлакат ҳудудига жойлашиб, фаолиятини хавфсиз ва кафолат билан қуриш, маҳсулоти ёки хизматини бир неча йиллар давомида тўсиқларга учрамай сотиш. Бунинг учун эса ўша мамлакат “келинглар” деб бағрини очиши билан бирга, ҳуқуқий кафолат бериши, қонунларини ҳам бутун дунёга тўғри келадиган қилиб қўйиши керак. Бу борада Ўзбекистонда қилиниши керак бўлган ишлар анчагина”. Бу QALAMPIR.UZ’да 2018 йилнинг октябрь ойида эълон қилинган мақоладан иқтибос. Дунёнинг кўплаб мамлакатлари инвестицион муҳитни яратиш мақсадида ишни аввало қонунларни жаҳон тажрибасига мослаштириш, инвесторларга шароит яратиш, ҳар қандай шароитда уларнинг даромад топишлари ёки сарфлаган пулларини ўша мамлакатдан эмин-эркин олиб чиқиб кетишларига қонунан кафолат беришдан бошлаган. Шу боис АҚШ, Германия, Сингапур, Хитой, Буюк Британия каби мамлакатлардан инвесторлар оёғи аримайди.
Кеча, 23 август куни ўз ишини бошлаган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 21-ялпи мажлисида Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев инвесторларга ҳуқуқий кафолат бериш ва бунинг учун қонун қабул қилиш кераклиги ҳақида гапирди.
“Ҳудудларда инвестициявий фаолиятни яхшилаш борасида жиддий камчилик ва муаммолар мавжуд. Сармоядорларга биринчи навбатда қонуний кафолат керак. Биз уларга берган ошимиз, кийдирган тўнларимиз зое, уларга бу нарса керак эмас. Уларга аниқ қонун ва имкониятлар керак. Биз шуни тушунишимиз керак”, дейди Сафоев.
Сенат раисининг биринчи ўринбосари сўзида давом этаркан, инвесторлар билан бўлиб ўтган мулоқотларда улар мамлакатдаги қонунчиликдан норози бўлаётгани, айрим қонуности ҳужжатлар бир-бирига зид эканини қайд этди. Сафоевнинг фикрича, Ўзбекистонда қонун ҳужжатларини ақлли тартибга солиш тизими ишламаяпти. У мазкур масалада Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимовга юзланган:
“Хорижий инвесторлар ва маҳаллий тадбиркорлар билан бўлиб ўтган учрашувлар чоғида қонун ҳужжатлари барқарор эмаслиги, бир-бирига зид бўлаётган нормалар мавжудлиги уларнинг фаолиятига салбий таъсир ўтказаётганлиги таъкидланмоқда. Шу ўринда мен Вазирлар Маҳкамасига мурожаат қилмоқчиманки, нима учун бизда ҳали ҳам қонун ижодкорлигини ақлли тартибга солиш модели ишламаяпти? Барча давлатларда, шу жумладан қўшни мамлакатларда бу замонавий усул, яъни мажбурий баҳолаш тизими ишламоқда. Биз ҳали буни тўлақонли ишга сололганимиз йўқ ва бу менимча, бизнинг қонун ижодкорлигимиз ва қонунни ҳаётга тадбиқ этиш тизимимизга ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқди”.
Ўзбекистонда Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қарорларида келтирилган айрим бандлар, шунингдек, Президентнинг янги қонунлар ишлаб чиқиш, инвестицион муҳитни тартибга солиш ва ривожлантириш борасида топшириқлар бажарилмаяпти. Сафоевнинг фикрича, муддати белгилангану аммо айтилган вақтдан бир неча ой ўтиб кетса ҳам топширилмаган қонун лойиҳалари мавжуд.
“Мамлакатимизда инвестициявий фаолиятни тартибга солувчи қонунларни такомиллаштириш соҳасида давлат раҳбарининг қатор топшириқлари шу жумладан инвестиция ва инвестиция фаолияти тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳақидаги топшириқлари бажарилмаяпти.
Бир нечта концепция ва қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишнинг кўрсатилган муддатлари бир неча ой ўтиб кетди. Улар ҳали-ҳануз бажарилмаяпти”.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Молия вазири Жамшид Қўчқоров QALAMPIR.UZ`га инвесторлар Ўзбекистондан қонуний кафолат талаб қилаётгани, шу боис қонун ишлаб чиқилиб, экспертиза учун халқаро ташкилотларга тақдим этилгани ҳақида гапирган эди. Жумладан Қўчқоров шундай деган:
“Мен Туркиядан катта ширкатни водийга автомобиль йўли қуриш бўйича таклиф қилдим. Улар келиб геологик жиҳатдан ўрганишлар ўтказди. Кейин ҳуқуқий жиҳатдан саволлар келиб чиқди. Бизда эса билим етарли бўлмади. Орадан вақт ўтиб қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, халқаро молиявий ташкилотларга берсак, “бу бўлмайди”, деган жавобни олдик. Кейин Европа тикланиш ва тараққиёт банки бу қонун лойиҳасини олди, ўзлари халқаро юристларни ёллади ва қонунни уларга берди. Ҳозир улар қонунни экспертиза қилиш ишларини тугатди, таклифларини берди. Насиб этса шу йил охиригача ушбу қонун қабул қилинади.
Бу қонунни халқаро ташкилотларга топширимизнинг сабаби, биласиз, давлат-хусусий шерикчилик асосида инвестиция киритувчи асосан чет эллик бўлади. Табиийки, қонун аввало уларнинг талабига жавоб бериши керак”.
LiveБарчаси