Ўзбекистон ва қозоғистонлик инвесторлар иштирокидаги можаро 7 йил деганда ҳал бўлди
Жамият
−
12 Декабрь 2020
7415Ўзбекистон ва даъвогарлар 2013 йилдан буён Инвестиция низоларини ҳал этиш халқаро марказида давом этаётган халқаро арбитражни тугатишга келишиб олди (Vladislav Kim and others v. Republic of Uzbekistan, ARB/13/6-сонли иш). Бу ҳақда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарб бермоқда.
Қайд этилишича, 2013 йилда Қозоғистоннинг ўн икки фуқароси давлат органларининг “Бекободцемент” АЖ ва “Қувасойцемент” АЖга нисбатан қилган ҳаракатлари муносабати билан ICSID’га арбитраж даъвосини киритган. Даъвогарлар ўша пайтда мазкур жамиятларнинг аксарият улушининг эгалари бўлган.
Даъвогарлар давлат органларининг ҳаракатлари 1997 йил 2 июндаги Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасидаги “Инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Битимни бузганини таъкидлаган. Ўзбекистон томони даъвогарларнинг барча айбловларини рад этиб, Инвестицияларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги Битимнинг бузилиши ҳолатлари мавжуд эмаслигини маълум қилган. Шу билан бирга, Ўзбекистон низони тинч йўл билан ҳал қилиш тарафдорли эканини таъкидлаган.
Олиб борилган музокаралар натижасида томонлар ўзаро манфаатли шартлар асосида ICSID арбитражини тугатиш бўйича келишувга эришди. Ушбу келишув доирасида Ўзбекистон томони “Бекободцемент” АЖнинг 51 фоиз акцияларини мазкур жамиятнинг акциядорига қайтарди.
2020 йилнинг октябрига келиб томонлар келишув битимида назарда тутилган барча шартларни бажарди. Шундан сўнг, 2020 йилнинг 9 декабрида ICSID Трибунали арбитраж муҳокамасини қайта мурожаат қилиш ҳуқуқисиз тугатиш ҳақида қарор қабул қилди.
LiveБарчаси