Хитойлик инвесторлар Ўзбекистонга хавф солмайди – вазир ўринбосари
Жамият
−
17 Март
4328Сўнгги пайтларда Хитой компаниялари гўё Ўзбекистон ерларини “эгаллаб олаётгани” ҳақида даъволар кенг тарқалмоқда. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Илзат Қосимов бу даъволарни рад этиб, вазият бўйича батафсил маълумот берди.
“Чет эл инвестицияларини жалб қилиш – Ўзбекистоннинг барқарор иқтисодий ўсиши учун муҳим омил ҳисобланади. Дунёда капитал учун рақобат кучайиб бормоқда ва мамлакатимиз очиқ ҳамда тенг шароитли инвестиция муҳитини яратиш сиёсатини изчил давом эттирмоқда. Хитой Ўзбекистон иқтисодиётига энг йирик инвестицияларни киритаётган мамлакатлардан биридир”, дейди Қосимов.
Вазир ўринбосари барча инвесторлар, келиб чиққан мамлакатидан қатъи назар, Ўзбекистонда тенг шароитларда ва қонун талабларига мувофиқ фаолият юритишини, уларнинг фаолияти давлат органлари ва жамоат институтлари томонидан тартибга солиниши, бу эса инвестиция жараёнининг шаффофлигини таъминлашини айтган.
“Хитойдан ташқари, Ўзбекистон иқтисодиётига Саудия Арабистони, БАА, Туркия, Россия, Франция, Германия, Жанубий Корея ва бошқа кўплаб мамлакатлар сармоя киритмоқда. Мамлакатимиз кам сонли ҳамкорлар билан чекланиб қолмасдан, инвестицияларни турли манбалардан жалб қилмоқда”, дейди у.
Маълум қилинишича, охирги уч йилда Хитой инвестициялари қуйидагича тақсимланган:
- 62% – саноатга;
- 11% – ёқилғи-энергетика секторига;
- 4% – қишлоқ хўжалигига;
- Қолган қисми – бошқа соҳаларга.
Вазир ўринбосари Хитой инвестицияларининг энг катта қисми қишлоқ хўжалиги ёки ер ресурсларига эмас, саноатга йўналтирилганини таъкидлаган. Унинг айтишича, Хитой инвестициялари фаол жалб қилинаётган асосий соҳалардан бири бу текстил саноати саналади.
“Бугунги кунда Ўзбекистонда 7600 дан ортиқ текстил корхонаси мавжуд бўлиб, улар йилига 123,2 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаради. Улардан атиги 57 таси хитой капитали иштирокида ташкил этилган, яъни хитой компаниялари улуши сезиларли эмас”, дейди вазир ўринбосари.
Шунингдек, Илзат Қосимов қишлоқ хўжалигида ҳам ерга эмас, технологияларга инвестицияларга урғу берилишини қўшимча қилган.
“Кўп тарқалган нотўғри фикрларга қарамай, хитой инвестицияларининг атиги 4% қишлоқ хўжалигига тўғри келади. Ўзбекистонда чет эл инвесторларига ер сотилиши тақиқланган – уни фақат 25 йилга ижарага олиш мумкин ва бу фақат очиқ аукцион орқали амалга оширилади.
Мисол: Lihua Group Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида пахта етиштириш ва уруғчилик бўйича лойиҳани амалга оширмоқда. Компанияга унумдорлигини замонавий агротехнологиялар ёрдамида ошириш шарти билан суғорилмайдиган ва ҳосилдорлиги паст бўлган ерлар берилган”, дейди у.
Бундан ташқари, энергетика соҳасида муқобил манбаларга инвестициялар киритилмоқда. Ўзбекистон қайта тикланувчи энергетикани фаол ривожлантирмоқда.
- 2,7 ГВт қуёш электр станциялари,
- 752 МВт шамол электр станциялари,
- 169 МВт микро ГЭСлар,
- 1,4 ГВт энергия сақлаш қувватлари ишга туширилмоқда.
Қайд этилишича, Хитой қуёш ва шамол электр ускуналари ишлаб чиқаришда дунё етакчиси ҳисобланади. Ўзбекистонда $9 млрд қийматидаги 20 дан ортиқ энергетика лойиҳалари хитой компаниялари иштирокида амалга оширилмоқда ва уларда асосан маҳаллий мутахассислар ишламоқда.
“Юқоридаги фактлар асосида қўйидаги хулосалар чиқариш мумкин: Хитой инвестицияларининг асосий қисми саноат, технология ва энергетикага йўналтирилган. Чет эллик инвесторлар Ўзбекистонда ер сотиб ололмайди. Лойиҳаларда иш ўринларининг аксариятини ўзбекистонликлар эгаллайди. Ҳамкорлик фақат инвестицияларни жалб қилиш эмас, балки янги технологиялар ва иш ўринлари яратишга ҳам хизмат қилади. Биз кенг жамоатчиликни фақат ишончли фактларга таянишга чақирамиз! Барча инвестиция лойиҳалари Ўзбекистон манфаатларига мос равишда ва миллий қонунчилик доирасида амалга оширилмоқда”, деди Илзат Қосимов.
LiveБарчаси