Украинанинг янги “Дўзах” ракетаси Қуролли кучларга топширилди (видео)
Олам
−
06 Декабрь
10593Украина ҳукумати маҳаллий ишлаб чиқарилган янги “Пекло” (Дўзах) ракета-дронини жанговар шароитда қўллаш учун Қуролли кучларга топширди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Қайд этилишича, ушбу ракета 700 километрдан ошиқ масофадаги нишонларни йўқ қилиш қобилиятига эга. Биринчи партия аллақачон мамлакат Қуролли кучларига етказиб берилган.
“Украинада ишлаб чиқарилган ва жанговар қўлланиши тасдиқланган қурол. Бугун биз мудофаа кучларимизга биринчи партияни топширдик”, деди Украинанинг Стратегик тармоқлар саноати масалалари бўйича вазири Герман Сметанин.
Унинг сўзларига кўра, ракета серияли ишлаб чиқаришга киритилган. Қуролли кучларга етказиб берилган биринчи партиядан ўнлаб ракеталар ўрин олган.
“Ракетанинг тезлиги соатига 700 км, учиш масофаси ҳам 700 километргача. Янги жанговар каллаклар ишлаб чиқилмоқда”, дейди Сметанин.
Бошқа техник хусусиятлар очиқланмаган, бироқ бу “ўз синфидаги биринчи янги турдаги қурол” экани қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, 21 ноябрь куни Россия Президенти Владимир Путин Россия ўзининг янги ўрта масофали “Орешник” ракетасини Украинадаги объектга қарата учирганини маълум қилган эди. У 28 ноябрь куни Остонада бўлиб ўтган Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти саммитида Россия Мудофаа вазирлиги ва армия Бош штаби “Орешник” гипертовушли зарба тизимидан фойдаланган ҳолда Украина ҳудудида йўқ қилиш учун “мақсадларни танлаётгани”ни айтганди.