Украинанинг янги бош қўмондони армия ҳужумдан мудофаага ўтганини эълон қилди
Олам
−
14 Февраль
8263Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский мамлакат армияси ҳужум ҳаракатларидан мудофаа операциясига ўтганини маълум қилди. Бу ҳақда у Германиянинг ZDF телеканалига берган интервьюсида айтди.
“Бизнинг амалиётимиздан мақсад – истеҳкомларимиздан, техник жиҳатдан, учувчисиз самолётлар, электрон уруш ва мудофаа чизиғини тайёрлаб туриш борасидаги афзалликларимиздан фойдаланиб, душманни бутунлай йўқ қилиш, унга максимал талафот етказиш”, дейди Сирский.
У аскар ҳаётини асосий қадрият деб атаган. Сирскийнинг сўзларига кўра, у барча шахсий таркибини қурбон қилишдан кўра, бирон бир позициядан чекинишга тайёр.
Бош қўмондоннинг айтишича, дронларнинг оммавий қўлланилиши туфайли жанглар янги босқичга ўтган.
"Биз аллақачон ер усти робот платформалари, масофадан бошқариладиган модулларни кўрмоқдамиз ва бу биз учун янгилик эмас. Бу ҳарбий хизматчиларнинг ҳаётини сақлаб қолиш имконини беради", дейди Александр Сирский.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 февраль куни Украина Президенти Владимир Зеленский Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийни ишдан бўшатди ва кейинчалик бутун мамлакат ҳарбий қўмондонлигини алмаштирди. Александр Сирский янги бош қўмондон бўлди.