Украинанинг ҳудудий музокараларга тайёрлиги айтилди
Олам
−
13 Август 2025 5390 2 дақиқа
Украина ҳудудий масалалар бўйича музокараларга тайёр, аммо “бошланғич нуқта” жанговар алоқа чизиғи бўлиши керак. Бу ҳақда Германия канцлери Фридрих Мерц АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Европа Иттифоқи мамлакатлари етакчилари ҳамда Украина Президенти Владимир Зеленский ўртасидаги видеоконференция якунлари бўйича айтиб ўтди.
Шу билан бирга, Мерцнинг сўзларига кўра, Россия назорати остидаги ҳудудларни қонуний тан олиш “муҳокама қилинадиган мавзу эмас”.
Германия канцлери бугун, 13 август куни Россия Президенти Владимир Путин ва АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Аляскада бўлажак музокаралари олдидан Ғарбнинг позицияси бўйича келишувга эришиш мақсадида Украина муаммоси бўйича онлайн учрашув ташкил қилди. Владимир Зеленский учрашувда иштирок этиш учун Берлинга борди. Дастлаб Европа етакчиларининг видеоконференцияси бўлиб ўтди, унда Европа Кенгаши раиси Антониу Кошта, Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен, НАТО Бош котиби Марк Рютте ва Зеленский ҳам иштирок этди. Шундан сўнг Трамп, Европа етакчилари ва Зеленский билан онлайн суҳбат бўлиб ўтди. Кейин Киевга ҳарбий ва молиявий ёрдам кўрсатишни мувофиқлаштирувчи “кўнгиллилар коалицияси”нинг онлайн учрашуви режалаштирилган.
Россия ТИВ Ахборот ва матбуот департаменти директори ўринбосари Алексей Фадеев Европа ва Киевнинг Украина бўйича учрашуви сиёсий ва амалий жиҳатдан аҳамиятсиз ҳаракат эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, европаликлар Вашингтон ва Москванинг Украина инқирозини ҳал қилиш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатларини оғзаки қўллаб-қувватласада, аслида Европа Иттифоқи уларни саботаж қилмоқда. Фадеевнинг таъкидлашича, Москва Украина можаросининг авж олиши Европанинг бир қатор ҳукуматлари учун ўз фуқароларини мажбурий ҳарбийлаштириш ва иқтисодиётни турғунликка йўналтирилган мажбурий сармояларни оқлашнинг ягона йўли, деб ҳисоблайди.
Эслатиб ўтамиз, Украина ва Европа етакчилари бугун, 13 август куни охирги ҳаракат сифатида АҚШ Президенти Дональд Трампни Россия Президенти Владимир Путин билан Украина бўйича тинчлик келишувини имзоламасликка, чунки бундай келишув Киев манфаатларига хиёнат бўлиши мумкинлигини айтган ҳолда, ишонтиришга уринди.
Live
Барчаси