Украинага кенг кўламли киберҳужум уюштирилди 

Олам

image

Украинадаги бир нечта банклар ва Мудофаа вазирлиги веб-сайтлари хакерлик ҳужумига учради. Бу ҳақда “Украинская правда” хабар берган.

Таъкидланишича, “Приватбанк” ва “Ощадбанк” банкларига, шунингдек, Мудофаа вазирлиги ва Украина Қуролли Кучлари веб-сайтига ҳужум қилингани маълум. Қайд этилишича, кучли DDOS ҳужуми кузатилмоқда. 

Фойдаланувчилар эса баъзиларида интернет-банкинг йўқлиги, бошқалари тизимга кириши мумкинлиги, лекин операцияларни амалга ошира олмаслиги ҳақида хабар берган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари киберҳужум жуда кучли эканлигини аниқлаган, у маҳаллий вақт билан кеча, 15 февраль куни соат 15:00 да бошланган.

Бундан ташқари, бу ҳеч қачон кузатилмаган жуда кучли ҳужум эканлиги қайд этилган. Буни Мудофаа вазирлиги веб-сайтига хакерлар ҳужуми содир этилганини тасдиқлаган.

Махсус алоқа ва ахборотни ҳимоя қилиш давлат хизмати ҳам Украинанинг бир қатор ахборот ресурсларига кучли DDOS ҳужуми ҳақидаги маълумотни тасдиқлаган.

Маълумот ўрнида, АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Россия истаган пайтида Украинага қарши ҳарбий амалиётларни бошлаши ва ҳужум турли шаклларда бўлиши мумкинлигини айтган. 

Қайд этиш керакки, Украина атрофидаги вазият кун сайин ўзгариб бормоқда. АҚШ ва Ғарб давлатлари Россияни босқинга тайёрланишда айблаб келяпти. АҚШ Президенти Байден шахсан ўзи Москва 16 февраль куни ҳужум бошлашини айтди. 30 дан ортиқ давлатлар фуқароларидан Украинага бормасликни сўрамоқда. АҚШ Киевдаги элчихонаси ходимларини эвакуация қилишни бошлаган.   

Ўз навбатида, Москва Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги айбловларни рад этмоқда. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия уруш ҳолатида эмаслигини ва Украина билан уруш қилиш ниятида эмаслигини айтмоқда. Вазир, шунингдек, АҚШ ва унинг иттифоқчиларини Россияга қарши “ташвиқот кампанияси” бошлаганликда айблаб, бундай ҳаракатлар Киевни мамлакат шарқидаги вазиятни ҳарбий йўл билан ҳал қилишга ундашидан огоҳлантирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина киберҳужум

Баҳолаганлар

870

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг