Украинага бостириб кириш Россия учун жиддий оқибатларга олиб келади – Буюк Британия
Олам
−
11 Декабрь 2021
7507Россиянинг Украина ҳудудига бостириб кириши Россия иқтисоди учун жиддий муаммолар келтириб чиқаради. Бу ҳақда Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Лиз Трусс журналистлар билан бўлган суҳбатда таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, бугун G7 мамлакатлари Ташқи ишлар вазирларининг Ливерпулда бўлиб ўтадиган йиғилишида ушбу масалага алоҳида тўхталиб ўтилади. У, Ғарб давлатлари Россиянинг Украинага ҳужумини бир овоздан “стратегик хато” дея баҳолаб, агар Россия ушбу “хато”га йўл қўядиган бўлса, ғарб Россиядан энергия ва газ импортини тўхтатишини маълум қилди.
AҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан Россиянинг Украинага эҳтимолий ҳужуми юзасидан берилган огоҳлантиришлар ортидан, Трусс хоним ҳам Украинага нисбатан тажовузга қарши G7 нинг позицияси мутлақо кучли бўлишини билдирди.
“Aгар Россия бостириб кирадиган бўлса, бу стратегик хато ўлароқ Россия учун оғир оқибатларга олиб келади”, дея қўшимча қилди у ўз нутқида.
G7 учрашувидан олдин Трусс хоним Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба билан Лондонда музокаралар ўтказди. Учрашув давомида у, агар Россия Украина ҳудудига ҳужум қиладиган бўлса, унга нисбатан қандай жавоб бўлиши мумкинлиги ҳақидаги саволга “Буюк Британия Украина билан мудофаа ва хавфсизлик соҳаларида яқиндан ҳамкорлик қилмоқда”, дея жавоб берди.
Трусс хоним Европа Иттифоқи томонидан Украинани энергетика ва газ таъминоти соҳасида Россияга қарамликдан қутқариш масалалари кўрилаётганлигига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Унга кўра, агар Россия Украинага ҳужум қилса, ғарб мамлакатлари Россиядан электр энергияси ва табиий газ сотиб олишни тўхтатишга келишиб олган.
Бундан ташқари, мабодо Россия “стратегик хато”га йўл қўядиган бўлса, Германия ва Россия ўртасида ўтказилаётган “Шимолий оқим 2” газ қувури тортиш лойиҳаси ҳам жиддий муаммоларга учрайди. Бу эса Россия иқтисодиётига салбий таъсир қилмай қолмайди.
Маълумот учун, G7 (еттилик гуруҳи) – Канада, Франция, Германия, Италия, Япония, Буюк Британия ва AҚШдан иборат йирик давларларнинг ҳукуматлараро сиёсий иттифоқидир. Ушбу иттифоқ аъзолари дунёдаги иқтисодиёти кучли давлатлар ҳисобланади. Биргина 2018 йилда бутун дунё бўйича соф иқтисодий даромаднинг 60 фоизи ушбу мамлакатлар ҳисобига тўғри келган.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси