Хитой Украинадаги уруш касофатини дунёга тарқатмасликни сўради
Олам
−
02 Апрель 2022
9519Украина инқирози Хитойнинг бошқа давлатлар, жумладан, Россия билан нормал савдо муносабатларига таъсир қилмаслиги керак. Бу ҳақда бугун, 2 апрель куни махсус брифингда ХХР Ташқи ишлар вазирлигининг Европа департаменти раҳбари Ван Лутун Европа Иттифоқи-Хитой онлайн саммити якунларини шарҳлаш асносида айтиб ўтди.
“Хитой Украина инқирозининг иштирокчиси эмас. Ва бизнинг фикримизча, бу бошқа бирорта давлат билан нормал савдо-сотиғимизга таъсир қилмаслиги керак. Ҳатто Европа Россия билан нормал иш олиб бормоқда, сиз Россия билан барча савдони тўхтатмагансиз. Худди шундай, бизнинг Россия билан нормал савдо ҳамкорлигимиз бузилмаслиги керак”, деган у.
Ван Лутун, шунингдек, Хитой АҚШ ва Европа давлатлари томонидан Россияга қарши жорий қилинган санкцияларни четлаб ўтиш учун атайлаб ҳеч нарса қилмаётганини таъкидлаган.
“Сиз бизнинг санкциялар бўйича позициямизни биласиз. Биз санкцияларга қаршимиз”, деган у.
Дипломатнинг фикрича, бу санкциялар оқибатлари бутун дунёга тарқалиши мумкин. У бу ишлаб чиқариш занжирлари, глобаллашув ва ҳатто Иккинчи жаҳон урушидан кейинги иқтисодий тартибни ҳам хавф остига қўйиши мумкинлигини таъкидлаган.
Ван Лутун шунингдек, Хитой Украинадан Пекиннинг Киев хавфсизлигининг кафилига айланиши бўйича ҳеч қандай сўров олмаганини айтди.
“Томонлар бу масалани муҳокама қилмади. Биз қандайдир сўров олганимиз ҳақида маълумотга эга эмасман”, деган у.
Европа Иттифоқи-Хитой саммити кеча, 1 апрель куни видеоконференция орқали бўлиб ўтди. Унда ХХР раиси Си Цзиньпин, Хитой Бош вазири Ли Кэцян, Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен, Европа кенгаши раиси Шарл Мишель ва Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Хосеп Боррель иштирок этди.
LiveБарчаси