Украинада Трампга ваъда қилинган металл захиралари йўқ – “Bloomberg”

Олам

image

Украина ҳукумати даъво қилаётган улкан ноёб ер металларининг захиралари АҚШ Геология хизмати маълумотлари билан тасдиқланмаган ва дунёдаги барча маъданлар базасида мавжуд эмас. Бу ҳақда “Bloomberg”нинг хомашё бозорлари бўйича шарҳловчиси Хавьер Блас маълум қилди.

Билдирилишича, ноёб ер металларига 17 та кимёвий элемент, жумладан, диспрозий, празеодим, прометий ва скандий киради. Бироқ АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, Украинада фақат битта элемент – скандий қазиб олинадиган кичик конлар бор.

Шунингдек, 1970 йилда Совет Иттифоқи Новополтава конини очган бўлиб, у ҳам айрим ноёб ер элементларини ўз ичига олади. Лекин, сўнгги 50 йилда ушбу конь ишлатилмаган, чунки бу минералларни қазиб олиш жуда қийин. Украина ҳукумати ҳам ундан фойдаланиш иқтисодий жиҳатдан фойдасиз бўлишини тан олган.

АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, ноёб ер металларининг энг катта захиралари Хитойда 44 млн тонна, Въетнамда 22 млн тонна, Бразилияда 21 млн тонна, Россияда 10 млн тонна, Гренландияда 2 млн тонна мавжуд. Бласга кўра, ушбу рўйхатда Украина йўқ.

АҚШ Президенти Дональд Трамп Украинадан 500 миллиард долларлик ноёб ер металларини олишни хоҳлашини билдирган эди. Бироқ нашр шарҳловчисининг ҳисоб-китобларига кўра, дунёдаги барча ноёб ер металлари қазиб олиш ҳажми йилига атиги 15 миллиард долларни ташкил қилади. Агар Украина бутун дунё ишлаб чиқаришининг 20 фоизини амалга оширган тақдирда ҳам, бу мамлакатнинг бу соҳадаги йиллик даромади 3 миллиард долларни ташкил қилган бўлар эди.

“500 миллиард долларга етиш учун АҚШ Украинада 150 йилдан ортиқ вақт давомида қазиб олишни таъминлаши керак бўлади”, дейди Блас.

Унинг фикрича, Трамп ноёб ер металларини эмас, барча стратегик минералларни назарда тутган бўлиши мумкин. Бироқ Украина ер ости бойликларидан фақат титан ва галлийнинг саноат конларига эга. Лекин улар ҳам 500 миллиард долларга тенг бўлиши мумкин эмас.  

Маълумот учун, бу Вашингтоннинг геологик ресурсларга оид хатоларни биринчи марта қилиши эмас. 2010 йилда АҚШ Афғонистонда 1 триллион долларлик фойдали қазилмалар топилганини эълон қилган эди. Аммо кейинчалик бу ҳақиқат эмаслиги тасдиқланган. Бласнинг фикрича, Украинага доир даъволар ҳам худди шундай хомхаёл бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Дональд Трамп агар АҚШга 500 миллиард долларлик нодир ер металлар етказиб бериш ваъда қилинса, Украинага ёрдам давом эттирилишини билдирган эди. Бироқ 14 февраль куни Германияда ўтган Мюнхен хавфсизлик конференциясида Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШ билан металлар бўйича келишувни имзолашдан бош тортди. У ҳужжат АҚШга Украинадаги келажакдаги фойдали қазилма захираларининг 50 фоизига эгалик қилиш ҳуқуқини бериши керак эди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Украина хомашё металл захиралари ноёб ер металлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг