Украинада Швециянинг CV-90 зирҳли жанговар машиналари ишлаб чиқарилади
Олам
−
19 Август 2023
4908Швеция ва Украина Киевни кейинги қўллаб-қувватлаш асосларини белгиловчи ҳужжатни имзоладилар. У CV-90 пиёда жанговар машинаси бўйича ҳамкорликни ўз ичига олади. Бу ҳақда Швеция Бош вазири Ульф Кристерссон Ҳарпсунд ёзги қароргоҳида Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашувдан сўнг бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
“Бир неча дақиқа олдин Украинани янада қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги ҳужжат имзоланди. Гап CV-90 пиёда аскарларининг жанговар машинаси бўйича ҳамкорлик ҳақида бормоқда”, деган Бош вазир.
Президент Зеленский ҳам буни тасдиқлаган. У Украинада ишлаб чиқарилган биринчи жанговар машиналар имкон қадар тезроқ “майдонга чиқиши” учун ҳамма нарса қилишини айтган.
“Бизнинг жангчиларимиз CV-90 ни жуда кўп мақташади. Улар нафақат бу машиналар йигитларни олдинга силжитаётгани учун, балки CV-90 уларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам бергани учун ҳам миннатдор. Ҳаёт энг қимматли нарсадир”, деган Зеленский.
Шунингдек, Зеленский Бош вазир билан яна бир кучли швед машинаси –Gripen самолёти ҳақида гаплашганини айтган. Унинг айтишича, украиналик учувчилар иштирокида Gripen’нинг синовлари аллақачон бошланган.
Қайд этилишича, ҳозирда Швеция ҳарбий ёрдамининг янги, 13-пакетини топширишга тайёргарлик кўрилмоқда. Ушбу пакет ҳаво мудофааси ва жанговар транспорт воситалари учун ўқ-дорилар, зирҳли транспорт воситалари учун эҳтиёт қисмлар, миналардан тозалаш учун ускуналарни ўз ичига олади.
Маълумот учун, Украина Президенти Швецияга Бош вазир Ульф Кристерссоннинг таклифига биноан келган. Ташриф давомида Зеленский парламент спикери, партия етакчилари ва бош қўмондон билан ҳам учрашувлар ўтказади. Бундан ташқари, Украина Президенти ва унинг рафиқаси Елена Зеленская Стенҳаммар саройида қирол ва қиролича билан учрашади.
LiveБарчаси