Украина ва Ғазодаги қурбонлар орасида катта фарқ бор – Оқ уй
Олам
−
19 Декабрь 2023
9560АҚШ расмийлари Украина ва Ғазо секторидаги уруш қурбонлари орасида катта фарқ бор, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда кеча, 18 декабрь куни кечқурун бўлиб ўтган брифингда Оқ уйнинг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби маълум қилди.
"Исроилликлар Ғазода тинч аҳолини ўлдириш, қийноққа солиш ва зўрлашни уруш мақсадига айлантирмаяпти. Бу уларнинг режаларига кирмайди. Улар тинч аҳолини қасддан ўлдиришга уринмаяпти", деган Кирби Исроилнинг Ғазо секторида халқаро ҳуқуқни бузаётгани ҳақидаги саволга жавоб бериб.
Журналистнинг эслатишича, Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганида, Америка расмийларининг Россияни халқаро ҳуқуқни бузганликда айблаши жуда тез ва осон бўлган.
Оқ уй вакили эса Россиянинг Украинадаги ва Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини солиштириб бўлмаслигини айтган. Унинг таъкидлашича, Қўшма Штатлар Исроил ҳукуматини "тинч аҳоли орасида қурбонларни минималлаштиришда иложи борича эҳтиёт бўлишга" чақирмоқда.
"Ҳозир одамлар ўлдирилмоқда, одамлар яраланмоқда. Биз буни тан оламиз. Лекин бу ҳарбий мақсадларнинг бир қисми, дейишдан узоқмиз", дея таъкидлади Кирби.
Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 19 мингдан ортиқ одам аллақачон Исроилнинг бомбардимонлари ва бошқа ҳарбий амалиётлар қурбонига айланган, 52 мингдан ортиқ киши жароҳатланган.
Эслатиб ўтамиз, Ғазо секторидаги фуқаролик инфратузилмасининг кенг кўламли вайрон қилингани ва кўп сонли тинч аҳолининг ўлими муносабати билан Исроил бир неча бор кескин танқидларга учраган. БМТ Исроилни уруш жиноятларида айблаган.
LiveБарчаси