Украина урушни қишгача тугатмоқчи (видео)

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский урушни имкон қадар тезроқ якунлаш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда кеча, 1 июнь куни Президент офиси раҳбари Кирилл Буданов “Хавфсизлик архитектураси” форумида сўз очди.

“Президент урушни имкон қадар тезроқ тўхтатиш бўйича топшириқ берган. Президент офиси раҳбари сифатида мен қўйилган мақсадга эришиш учун ҳамма нарсани қиламан”, дейди Буданов.

Унинг айтишича, Украина бу мақсадга эришиш учун етарли имкониятларга эга, бироқ Россия келишувлардан бош тортиши мумкин.

Ҳарбий асирлар билан ишлаш бўйича мувофиқлаштириш штаби раҳбар ўринбосари Андрей Юсовнинг айтишича, Украинада ҳарбий-сиёсий раҳбарият, хавфсизлик ва мудофаа кучлари ҳамда дипломатлар адолатли тинчликка эришиш учун ишламоқда.

“Биз душманни тўхтатиш учун зарур бўлган вақтгача жанг қиламиз. Ҳаво, ер ва денгизда дронлардан фойдаланиш кучаймоқда ва у ўз самарасини бераётганини кўришингиз мумкин”, дейди Юсов.

Қайд этиш жоиз, Россия Президенти Владимир Путин жорий йилнинг 30 май куни Остонада бўлиб ўтган Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишидан сўнг Россия Федерацияси Украинага қарши урушни қачон тугатишини айтишнинг имкони йўқлигини билдирганди.

“Менимча, сиз ва бошқа ҳамкасблар менинг жавобимни тушунасиз: ҳарбий ҳаракатлар шароитида аниқ муддатни айтишнинг имкони йўқ. Бу фақат эҳтиётсизлик эмас, амалда бундай қилинмайди. Мен ҳам буни қилмайман”, дейди у.

Украина Президенти Владимир Зеленский эса Украина АҚШ ва Россия иштирокидаги музокара форматини қайта тиклашга тайёрлигини бир неча бор айтган ҳамда зарурат бўлса, Владимир Путин билан шахсан учрашишга ҳам тайёрлигини билдирган. Россия Президентининг айтишича, бу учрашув урушни тугатиш шартларини муҳокама қилиш учун эмас, балки якуний келишувни имзолаш учун бўлиши керак.

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Вашингтон Москва ва Киев ўртасидаги музокараларда воситачи бўлишга тайёрлигини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия томонидан Украина ҳудудига уюштирилган кенг кўламли ракета ва дрон ҳужумлари оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлиб, ўнлаб одамлар жароҳат олгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина уруш якунлаш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг