Украина урушда илк бор сунъий интеллектли дронлардан фойдаланди
Олам
−
03 Сентябрь 2025 7663 2 дақиқа
Украина жанг майдонида илк бор сунъий интеллект ёрдамида дрон тўдасини бошқарадиган технологияни қўллади. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” хабар берди.
Нашрнинг билдиришича, бу усул келажакдаги урушларнинг энг муҳим белгиларидан бири сифатида қаралмоқда, чунки у бир вақтнинг ўзида ўнлаб, ҳатто минглаб дронларни душман мудофаасига қарши юбориш имконини беради.
Украина армияси офицерлари ва дастурни ишлаб чиққан Swarmer стартапи вакилларининг маълум қилишича, сўнгги бир йил давомида фронтда кенг кўламли дрон ҳужумлари амалга оширилган. Бу тажриба замонавий урушларда дронлардан мунтазам фойдаланишнинг илк амалий намунасига айланган.
Swarmer дастури дронларнинг ўзаро биргаликда ишлашини таъминлайди. Масалан, қайси дрон биринчи бўлиб ҳужумни бошлашини белгилайди ёки бирининг батареяси тугаса, қолганлари дарҳол вазифани ўз зиммасига олади.
“Сиз фақат мақсадни кўрсатасиз, қолганини дронлар ўзлари бажаради – улар жамоа сифатида ишлайди ва тез мослашади”, дея таъкидлаган дастурни ишлаб чиққан компания раҳбари.
Технология аввалига миналарни жойлаштиришда қўлланган, кейинчалик эса Россия техникаси ва инфратузилмасига зарба беришда ишлатилган. Одатда зарба беришда 3-8 дрон иштирок этган бўлса-да, синовларда 25 тагача дрон қўлланган.
Маълумотларга кўра, АҚШ, Хитой, Франция, Россия ва Жанубий Корея ҳам шундай технология устида ишламоқда. Аммо Украина бу тизимни реал жанг майдонида мунтазам татбиқ қилган илк давлат сифатида қайд этилди. АҚШда эса илк синовлар 2016 йилда учта қирувчи самолётдан юздан ортиқ кичик дронларни учириш орқали ўтказилганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германиянинг Quantum Systems компанияси Украинада махфий ишлаб чиқариш цехларини йўлга қўйганди. Бу йўл орқали компания дрон ишлаб чиқаришни ойига 40 донадан 80 донагача оширишга муваффақ бўлган.
Live
Барчаси