Германия компанияси Украинада яширинча дрон ишлаб чиқармоқда
Олам
−
29 Август 5433 2 дақиқа
Германиянинг "Quantum Systems" компанияси Украинада махфий ишлаб чиқариш цехларини йўлга қўйган. Бу ҳақда “Politico” хабар берди.
Қайд этилишича, бу йўл орқали компания дрон ишлаб чиқаришни ойига 40 донадан 80 донагача оширишга муваффақ бўлган.
Манбада айтилишича, "Quantum Systems" компаниясининг Vector номли разведка дронлари 2022 йилнинг дастлабки ҳафталарида Украинага етказиб берилган ёрдам таркибида бўлган. Кейинги йилларда компания Германия, АҚШ ва Австралиядаги заводларидан ташқари яна Украинада ҳам ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.
Ишлаб чиқарувчиларга асосий тўсиқ еса мамлакатдаги жанговар ҳаракатлар бўлган. Шу боис, дрон ишлаб чиқариш турли ҳудудларга тарқатилган, хавфсиз давлатлардаги цехлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Қайд этиш жоиз, ҳозирда Германиядаги заводлар ойига 120 та дрон ишлаб чиқармоқда.
Нашрнинг билдиришича, хорижий компаниянинг Украинадаги мавжудлиги Россия билан қуролланиш пойгасида ҳам муҳим омил ҳисобланади. "Quantum Systems" вакиллари Украинада ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва Германия заводлари билан ҳамкорликни давом эттиришларини билдирган. Бу ҳудуд уруш зонаси бўлгани учун уларнинг махсулоти оммабоп саналади.
Нашрнинг қўшимча қилишича, яқинда Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШ раҳбари Дональд Трампга “мегабитим” таклиф қилган. Унга кўра, АҚШ Украинадан жанговар шароитда синалган дронларни харид қилиши, Украина эса АҚШдан қурол сотиб олади. Шу билан бирга, Киевнинг мақсади кунига мингта дрон ишлаб чиқаришга эришиш бўлиб, бунинг учун 6 млрд доллар маблағ талаб этилади.
Россия эса Ғарбнинг бундай қурол етказиб беришларини қоралаб келмоқда ва Мудофаа вазирлиги мунтазам равишда Украина дронлари уриб туширилгани ҳақида ҳисобот бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ уруш тугаганидан сўнг, Украинага хавфсизлик кафолатлари доирасида ёрдам кўрсатишга тайёрлиги ҳақида маълум қилинганди. Мамлакатлар уруш тугаганидан кейин разведка ва ҳаво мудофааси бўйича ҳамкорлик қилади, бироқ АҚШ ўз қўшинларини Украинага юбормайди. Шу билан бирга, Трамп уруш тугагунча икки давлат ўртасидаги можарога умуман пул ажратмаслигини ҳам айтган.