Украина самолёти ракета билан уриб туширилган
Олам
−
10 Январь 2020
15031Эронда қулаган “Украина халқаро ҳаво йўллари” авиакомпаниясининг йўловчи самолёти собиқ Совет Иттифоқида ишлаб чиқарилган “Тор” зенит-ракета мажмуасидан учирилган ракета билан уриб туширилган бўлиши мумкин. Бу ҳақда “Newsweek” журнали Пентагон ҳамда АҚШ ва Ироқдаги разведка хизматларидаги манбасига таяниб хабар берди.
Пентагон ва АҚШ разведкаси ракета тасодифан учирилган деб ҳисоблаяпти.
“CBS News”нинг хабар беришича, америкалик амалдорлар самолёт Эрон ҳаво ҳужумига қарши мудофаа қуроллари билан уриб туширилган бўлиши мумкинлигини тахмин қиляпти. АҚШ Эрон радари ёқилгани, шунингдек, ракета учирилгандаги иккита чақнашни қайд этган.
CNN телеканали ёзишича, АҚШ ҳукумати самолёт эрон ракетаси билан урилган, аммо бу хатолик туфайли рўй берган деб тахмин қиляпти. Бу версия америка разведкачилари йиғувчи спутник, радар ва электрон маълумотлар таҳлилига асосланган.
Канада Бош вазири Жастин Трюдо разведка маълумотига асосан Украина самолёти “ҳаво-ер” тоифасидаги Эрон ракетаси билан уриб туширилганини маълум қилди.
“Балки бу қасддан бўлмаган”, деб қўшимча қилган Трюдо. Канада Бош вазири ҳодиса юзасидан яхшилаб тергов ўтказиш кераклигини айтган.
Украина Boeing-737 самолётининг қулашида зенит ракетаси билан урилгани, теракт ва техник сабаб билан моторнинг портлаши каби версияларни кўриб чиқяпти.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 январь куни “Украина халқаро ҳаво йўллари” самолётининг Теҳрон яқинида қулаши натижасида бортдаги ҳеч ким омон қолмаган. Ҳодисада жами 179 киши ҳалок бўлган. Ҳодисадан кейинги тергов вақтида самолёт қулаган ҳудуддан Россияда ишлаб чиқарилган ракета қолдиқлари топилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь