Украина самолёти портлаган ҳудуддан Россия ракетаси қолдиқлари топилди
Олам
−
09 Январь 2020
11790Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Алексей Данилов Эронда ҳалокатга учраган “Украина халқаро ҳаво йўллари” авиакомпаниясига тегишли йўловчи самолёти – Boeing-737 фожиаси сабабларининг асосий талқинларига тўхталди.
"Самолётнинг тўсатдан қулаши билан боғлиқ турли хил талқинлар ўрганилмоқда. Энг асосийлари: самолётнинг зенит ракетаси билан, шу жумладан “Тор” зенит-ракета қурилмаси билан уриб туширилиши. Интернетда авария жойида Россия “Тор”нинг парчалари топилгани ҳақидаги маълумотлар аллақачон пайдо бўлган. Бошқа учувчисиз қурилма билан тўқнашув, техник сабабларга кўра двигателнинг портлаши, теракт натижасидаги портлаш тахминлари ҳам мавжуд", дейди Данилов.
Унинг сўзларига кўра, Украина комиссияси Эрон расмийлари билан ракета парчаларини қидириш ниятида ҳалокат содир бўлган ҳудудга бориш юзасидан музокара ўтказмоқда.
У сўзида давом этаркан, расмий Киев барча масалалар бўйича, шу жумладан қора қутиларни очишда қатнашишда Теҳрон билан ҳамкорлик қилишга умид қилаётганини айтди.
Украина комиссияси таркибига Донбассдаги Boeing самолёти ҳалокатини текшираётган экспертлар ҳам киритилган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 8 январь куни Эронда Теҳрон халқаро аэропортидан учган “Украина халқаро ҳаво йўллари” авиакомпаниясига тегишли Boeing-737 самолёти ҳалокатга учради.
Авиаҳалокат натижасида самолётда бўлганларнинг барчаси қурбон бўлди. Унда Эрон, Украина, Канада, Германия, Швеция ва Афғонистондан 167 йўловчи, шунингдек тўққизта экипаж аъзоси бўлган.