Украина рус тилидаги барча маданий маҳсулотларни тақиқламоқчи
Олам
−
12:10 404 2 дақиқа
Украинада рус тилидаги барча маданий маҳсулотларни, жумладан, қўшиқларни жамоат жойларида ижро этиш ва тарқатишни тақиқлашга тайёргарлик кўрилмоқда. Тегишли ўзгартиришлар давлат тили тўғрисидаги ҳамда “Маданият тўғрисида”ги қонунларга киритилиши мумкин. Бу ҳақда Украина давлат тили ҳимояси бўйича вакили Елена Ивановская “Hromadske” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Ивановскаянинг айтишича, амалдаги қонунчилик рус тилидаги мусиқий асарларни фақат Россия фуқаролари томонидан ижро этилишини чеклайди. Янги таклиф эса бу чекловни ижрочининг фуқаролигидан қатъи назар, барча учун жорий этишни назарда тутади.
“Биз амалдаги давлат тили тўғрисидаги қонунга, шунингдек, умид қиламанки, “Маданият тўғрисида”ги қонунга киритиладиган ўзгартиришларни таклиф қилдик. Хусусан, 15-моддага киритиладиган ўзгартиришларга кўра, рус тилидаги маданий маҳсулот қонундан ташқарида қолади. Гап ҳозир ҳам тингланаётган, баъзан эса Украина фуқаролари томонидан жамоат жойларида ижро этилаётган рус тилидаги мусиқий асарлар ҳақида ҳам бормоқда”, деган Ивановская.
Маълумот учун, рус тили Украинада давлат тили мақомига эга эмас. Украина Конституциясининг 10-моддасида рус тили ва бошқа миллий озчиликлар тилларининг эркин ривожланиши, ишлатилиши ҳамда ҳимоя қилиниши кафолатланган.
Шу билан бирга, 2019 йилда Украинада давлат тили тўғрисидаги қонун кучга кирган. Унга кўра, украин тилининг мамлакатда қўлланадиган бошқа тилларга нисбатан алоҳида мақоми белгиланган. Россия Ташқи ишлар вазирлиги ушбу қонунни “мажбурий украинлаштириш” деб атаган, унинг айрим бандларини эса рус тилидан турли соҳаларда фойдаланишга қўйилган тўғридан тўғри тақиқ сифатида баҳолаган.
Жорий йил ёзида Украина Президенти Владимир Зеленский рус тилини Европа минтақавий ёки озчилик тиллари хартияси матнидан чиқариб ташлаш тўғрисидаги қонунни имзолаган. Натижада рус тили мамлакатда мазкур хартия доирасида ҳимоя қилинмайдиган бўлган. Ушбу ташаббусни Ивановская ўтган йил август ойида илгари сурганди.
Ўшанда Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова Киевнинг рус тилини минтақавий тиллар рўйхатидан чиқариш ташаббусини танқид қилган.
Live
Барчаси27 Октябрь