Украина Ростовга ракета ҳужуми уюштириши мумкин – WSJ

Олам

image

Украина ўзининг узоқ масофали Ғарб ракеталаридан фойдаланган ҳолда Россиянинг Ростов вилоятидаги ҳарбий объектларни нишонга олишни режалаштираётган бўлиши мумкин. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, АҚШ Урушни ўрганиш институти (ISW) томонидан тузилган харитада эҳтимолий нишон сифатида Ростов ҳудудида жойлашган 200 га яқин ҳарбий объект белгиланган. Бу объектлар орасида авиабазалар, ўқ-дори омборлари, ҳарбий полигонлар ва қўмондонлик пунктлари мавжуд бўлиб, улар ATACMS (300 км) ва Storm Shadow (250 км) каби ракеталар учун етарли масофада жойлашган.

Нашрга кўра, мазкур ҳудуд Россия қўшинларини фронтга ўтказиш учун асосий транспорт “хаби” ҳисобланади. У ерда камида тўртта авиабаза, жумладан, Миллерово ва Морозовск каби объектлар жойлашган. Украина дронлари орқали бу объектларга олдин ҳам бир неча бор ҳужум қилинган. ISW таҳлилчисининг фикрига кўра, Украина ўзининг режалари учун очиқ манбалардан ташқари разведка маълумотларидан ҳам фойдаланиши мумкин.

Ростов вилояти губернатори вазифасини бажарувчи Юрий Слюсарнинг айтишича, бундай ҳужумлар минтақага жиддий таҳдид солади. У фуқароларни эвакуация қилиш машғулотларини ташкиллаштириш ва хавфсизликни ошириш бўйича чоралар кўришни буюрган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Мудофаа кучлари биринчи марта ATACMS баллистик ракеталари билан Россиянинг Брянск вилояти Карачев шаҳри яқинидаги ҳарбий объектга ҳужум қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина ракета ҳужуми

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг