Украина Россиянинг нуфузли қўмондони йўқ қилинганини билдирди
Олам
−
26 Сентябрь 2023
12966Россия Қора денгиз флоти қўмондони Виктор Соколов жорий йилнинг 22 сентябрь куни флот штаб-квартирасига берилган зарба оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Украина ҳарбий идораси хабар берди.
“Россия Қора денгиз флоти штаб-квартираси мағлубиятга учрагач, 34 зобит, шу жумладан Россия Қора денгиз флоти қўмондони ҳалок бўлди. Яна 105 нафар босқинчи яраланган. Штаб биносини тиклаб бўлмайди”, дейилади Украинанинг баёнотида.
Шунингдек, Украина махсус операция кучлари 13 сентябрга ўтар кечаси “Минск” десант кемасига берилган зарбалар ҳақидаги янгиланган маълумотларни ҳам эълон қилди.
“Минск” катта десант кемаси эртаси куни жанговар навбатчиликка ўтиши керак бўлганини ҳисобга олсак, шахсий таркиб кемада бўлган. Қайтариб бўлмайдиган йўқотишлар 62 нафар босқинчини ташкил қилди”, дейилади хабарда.
Россия томони эса Соколовнинг ўлимини ҳозирча тасдиқламаган.
“Киев режими Севастополь шаҳрига ракета ҳужуми уюштирди. Ракета ҳужумини қайтариш вақтида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан бешта ракета уриб туширилди. Ҳужум оқибатида Қора денгиз флоти штаб-квартирасининг тарихий биноси зарар кўрди”, дейилади Россия Мудофаа вазирлиги баёнотида.
Украина томонидан фарқли ўлароқ, Москва атиги бир аскар ҳалок бўлганини иддао қилмоқда.
LiveБарчаси