Украина Россияда агентлар тармоғини яратган – CNN
Олам
−
06 Июнь 2023
14126Украина Россия ичида саботаж агентлари тармоғини яратиб, уларга қўпорувчилик ҳаракатларини амалга ошириш учун дронлар бермоқда. Бу ҳақда АҚШ разведкасига алоқадор манбасига асосланиб CNN нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, АҚШ расмийлари май ойи бошида Кремлга қилинган дрон ҳужумини айнан украинпараст кучлар Росисянинг ичидан туриб амалга оширган, деб ҳисобламоқда.
Шунингдек, яқинда Москва чеккасидаги аҳоли турар жойлари ва Россия жанубидаги нефть базаларига қилинган дрон ҳужумлари ҳам шундай агентлар томонидан амалга оширилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар янграяпти.
АҚШ расмийлари Россия ичидаги Украинага ҳайрихоҳ шахслардан махсус ўқитилган агентлар тармоғи яратилгани ва уларга Украинада ишлаб чиқарилган учувчисиз қурилмалар берилаётганини айтмоқда. Бироқ Россиядаги дрон ҳужумларидан бирортаси АҚШда ишлаб чиқарилган ёки у томонидан Украинага берилган қурилмалар ёрдамида амалга оширилмагани таъкидланган.
Европа разведкаси вакилининг айтишича, Россия ва Украина ўртасидаги чегара жуда катта ва назорат қилиш учун қийин. Шу билан бирга, чегара контарбанда маҳсулотларини олиб ўтиш учун қулай.
Россиядаги портлашлар ва дрон ҳужумларининг ортида ким тургани маълум эмас. Аммо Украина разведкасининг бу ишга алоқадорлиги тахмин қилинади. Гарчи Владимир Зеленский ҳаракатларнинг асосий параметрларини белгилаб қўйган бўлсада, ҳар бир операцияда унинг рухсатини олиш шарт эмас. Бундай амалиётларнинг ташкилотчиси кўпинча Украина разведкаси раҳбари Кирилл Буданов бўлади. Аввалроқ, Пентагоннинг матбуотга сиздирилган махфий ҳужжатларда ҳам Кирилл Буданов Россия босқинининг бир йиллиги муносабати билан Федерация ҳудудига зарба беришни режалаштиргани, бироқ, операцияга бир неча кун қолганида АҚШ сўровига кўра бекор қилингани ёзилганди.
Украина хавфсизлик хизмати раҳбарининг матбуот котиби CNN'га берган интервьюсида Россия ичидаги сирли портлашлар ва дрон ҳужумлари ҳали давом этишини айтган.
АҚШ Россиянинг ичкарисига қилинган ҳужумларни оммавий баёнотларда қоралаб, бу ҳаракат эскалацияга олиб келишини таъкидлаб келсада, мамлакат расмийлари трансчегаравий ҳужумлар Россиянинг ресурсларни Украина урушига эмас, мамлакат ички хавфсизлигига сарфлашига олиб келишини ва бу ақлли ҳарбий стратегия эканини айтишади. Кўплаб ғарб давлатлари Украинанинг ўз ҳудудидан ташқарида олиб борадиган ҳарбий операцияларини қонуний, деб ҳисоблаяпти. Жумладан, Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги Украина Россиянинг мамлакат ҳудудига куч киритиш қобилиятини заифлаштириш учун ўз чегарасидан ташқарида шундай амалиётларни қўллаш ҳуқуқига эга, дея баёнот берди.
“Ўз чегараларидан ташқаридаги қонуний ҳарбий нишонлар халқаро миқёсда мамлакатнинг ўзини ўзи мудофаа қилиш қисми сифатида тан олинган”, дейилади Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Британия разведкаси Россия Украинадаги кучларини мустаҳкамлаш ёки ўз ички хавфсизлигига эътибор бериш ўртасида дилеммада қолганини маълум қилганди.
LiveБарчаси