Украина НАТОга аъзо бўлмайди – Орбан
Олам
−
24 Февраль 9712 2 дақиқа
Украина Шимолий Атлантика Шартномаси Ташкилоти (НАТО) аъзоси бўлмайди, у альянс ва Россия ўртасидаги буфер зона бўлиб қолади ва бу АҚШда республикачи Дональд Трамп ҳокимиятга қайтганидан кейин маълум бўлди. Бу ҳақда бугун, 24 февраль куни Венгрия Бош вазири Виктор Орбан миллий парламентнинг баҳорги сессияси очилишида сўз очди.
Унинг айтишича, Украинанинг келажаги Венгрия учун жуда муҳим саналади.
“АҚШдаги сайловлардан сўнг, Украина НАТОга аъзо бўлмаслигига қарор қилинди. Украина ва ундан қолган ҳудуднинг тақдири қандай бўлиши Венгрия хавфсизлиги учун муҳим. Бу масала ўт очишни тўхтатиш ва тинчлик музокаралари орқали ҳал қилинади”, деган Бош вазир.
Шунингдек, у тинчлик шартномаси Венгрия ва НАТОга аъзо давлатлар хавфсизлигини кафолатлаши ва яна буфер ҳудудга айланадиган Украина мақоми ҳам шунга яраша ҳал этилиши кераклигини таъкидлаган.
“Буни биринчи навбатда, европаликлар ҳам ҳал қилади”, дея қўшимча қилган ҳукумат раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, Украинанинг Европа Иттифоқига аъзолиги фақат Европага тегишли масала саналади. У парламентда Украина венгерлар қарорисиз Европа Иттифоқига аъзо бўла олмаслигини айтган.
Бош вазирнинг таъкидлашича, агар Украина бугун ЕИга қабул қилинса, у венгрия фермерларини ёки ҳатто бутун миллий иқтисодиётни йўқ қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Венгрия Бош вазири Виктор Орбан NZZ газетасига берган интервьюсида Европа Иттифоқи давлатлари Украина можаросини ҳал қилиш бўйича музокараларни бошлаши кераклигини, акс ҳолда Украина Европа Иттифоқи учун Афғонистонга айланишини айтганди. Орбаннинг айтишича, бугунги кунда Украина давлатига фақат сулҳ ва тинчлик битимигина ёрдам бера олади.
Live
Барчаси