Украина Курскда икки шимолий кореялик аскарни асирга олди
Олам
−
11 Январь
5287Украина аскарлари жанглар давом этаётган Россиянинг Курск вилоятида 2 нафар Шимолий Корея аскарини асирга олди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский маълум қилди.
"Бу икки аскар, гарчи ярадор бўлса-да, тирик қолган, Киевга олиб кетилган ва Украина хавфсизлик хизмати терговчилари билан алоқада. Бу вазифа осон эмас эди: одатда россияликлар ва Шимолий Кореянинг бошқа ҳарбий хизматчилари ярадорларини ўлдиришади ва Украинага қарши урушда бошқа давлат – Шимолий Кореянинг иштироки ҳақида ҳеч қандай далил сақланиб қолмаслиги учун ҳамма нарсани қилишади", деди Зеленский.
Шунингдек, Зеленский Украина Қуролли Кучлари Махсус операциялар кучларининг 84-сонли тактик гуруҳи аскарлари ва шимолий кореялик икки инсонни қўлга олган десантчиларга миннатдорлик билдирган. Унинг қўшимча қилинишича, Украина томонидан бошқалар каби Шимолий Кореядан борган бу икки аскарга ҳам зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
"Украина Хавфсизлик хизматига журналистларга ушбу маҳбуслар билан танишиш имкониятини беришни топширдим. Дунё нима бўлаётганини билиши керак", деди Зеленский.
Украина Президенти, асирлардан бирига тегишли бўлган ҳарбий гувоҳнома фотосуратини ҳам чоп этган. Ҳужжат Россиянинг Тува ҳудудида 1998 йилда туғилган Аранзин исмли аскарники экани кўринади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Зеленский Москва томонида Россиянинг Украинага қарши урушида қатнашган ва Украина Махсус операция қўшинлари томонидан асирга олинган Шимолий Корея аскарларининг барчаси олган жароҳатлари туфайли вафот этганини айтганди. Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россия томонидан Курск вилоятига жойлаштирилган Шимолий Корея аскарлари кўп йўқотишларга эга. Шу билан бирга, Россия ҳарбийлари ва Шимолий Корея гвардияси КХДРнинг асирга тушган аскарларининг омон қолишидан умуман манфаатдор эмас.