Украина қўшинлари Угледарни тарк этди

Олам

image

Украина қўшинлари Донецк вилоятининг жануби-ғарбидаги кучли мустаҳкамланган ҳудудлардан бирига айлантирилган Угледар шаҳрини тарк этди. Россия қўшинлари “ҳар қандай ҳолатда ҳам шаҳарни назорат қилиш учун” Украина қуролли кучлари бўлинмаларининг мудофаасини заифлаштирган қанот ҳужумларини амалга ошириш учун захираларни юборди. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари “Хортица” тезкор-стратегик гуруҳининг кеча, 2 октябрь куни эълон қилинган хабарида айтилади.

“Душман ҳаракатлари натижасида шаҳарни ўраб олиш хавфи туғилди. Олий қўмондонлик шахсий таркиб ва ҳарбий техникани сақлаб қолиш ва кейинги ҳаракатлар учун позицияни эгаллаш мақсадида Угледардан бўлинмаларни олиб чиқиш учун манёвр ўтказишга рухсат берди”, дейилади хабарда.

Россия Мудофаа вазирлиги Угледарнинг қўлга олинганини тасдиқламади. Вазирликнинг 2 октябрь куни чоп этилган ҳисоботида Угледарнинг қўлга олиниши ҳақида ҳеч қандай гап йўқ. Вазирлик Россия қўшинлари фақат Донецк вилоятидаги Верхнекаменское қишлоғини назоратга олгани ҳақида хабар берди.

Бир кун аввал Донецк вилояти ҳарбий бошқармаси бошлиғи Вадим Филашкин рус қўшинлари Угледар марказига кирганини маълум қилганди. Россия ҳарбий Telegram-каналлари россиялик ҳарбий хизматчиларнинг шаҳарнинг турли ҳудудларида Россия байроқларини тикаётгани акс этган видеоларни жойлаштира бошлади.

Қайд этиш жоизки, Угледар учун жанглар икки йилдан ортиқ давом этди. Россия қўшинлари бир неча бор унга бостириб киришга ҳаракат қилди ва бу жараёнда катта йўқотишларга дуч келди. Урушдан олдин бир неча ўнлаб кўп қаватли бинолардан иборат кичик шаҳар Угледарда 15 мингга яқин одам яшаган. Яқинда, Украина расмийларига кўра, у ерда 100 га яқин тинч аҳоли қолган. Шаҳар қаттиқ вайрон қилинган.

Мутахассислар Угледарнинг Россия қўшинлари томонидан қўлга олинишининг мумкин бўлган операцион оқибатларини турлича баҳоламоқда. Урушни ўрганиш бўйича Америка институти (ISW) аввалроқ бу воқеа жанговар ҳаракатларга жиддий таъсир кўрсатиши даргумон, чунки Угледар транспорт маркази эмас ва Украина унинг шимолида мудофаа чизиғига эга эканини билдирган. Бошқа шарҳловчилар эса Угледарнинг қўлга олиниши Россия ҳарбийларига Донецк-Мариуполь темир йўлидан тўлиқ фойдаланишга ёрдам беришини таъкидламоқда. Россия ҳарбийлари Донецк вилоятининг ғарбий қисмидаги яна учта шаҳарча – Курахов, Селидов ва Покровскга ҳам таҳдид солмоқда.

Украина ва Россия манбаларидан олинган хабарларга кўра, рус қўшинларининг бу йўналишларда секин олдинга силжиши давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Угледар шаҳрининг бир қисми 24 сентябрь куни Россия Қуролли кучларининг кўплаб ракета тизимлари томонидан ўққа тутилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Угледар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made