Украина Қримдаги кўприкка зарба берди – Россия расмийлари
Олам
−
22 Июнь 2023
17867Бугун, 22 июнь куни Қримни жанубий Херсон вилоятининг Россия назоратидаги қисмлари билан боғловчи Чонгар йўл кўпригига зарба берилди. Бу ҳақда “Aljazeera” хабар берди.
Айтилишича, ҳудуддаги учта кўприкдан бири шикастланган. Россия расмийлари бу ишда Украинани айбламоқда.
“Қрим дарвозаси” деб аталган Чонгар кўприги 2014 йилда Россия Украинадан аннексия қилиб олган Қрим ва материк Украина ўртасидаги боғловчилардан бири ҳисобланади.
Россиялик терговчилар Украина кучлари томонидан кўприк томон тўртта ракета учирилганини таъкидлаган. Ҳарбий терговчилар вакилининг билдиришича, ракеталардан бирининг қолдиқларида топилган белгилар унинг Францияда ясалганлигини кўрсатади.
Россия томонидан тайинланган Херсон губернатори Владимир Салдо эса Украина ҳужум учун Британия томонидан етказиб берилган Storm Shadow қанотли ракеталаридан фойдаланганини тахмин қилмоқда.
“Киев террорчилари Херсон аҳолисини қўрқитиб, улар ўртасида ваҳима уйғотмоқчи, аммо улар бунинг уддасидан чиқа олмайди. Биз кўприкларни тезда таъмирлаймиз: автомобиллар ўтиш жойи жуда яқин вақт ичида тикланади. Душманнинг ҳар бир ҳаракатига жавобимиз бор. Херсон вилояти ва Қрим ўртасидаги алоқа узилмади – автотранспорт ҳаракати учун вақтинчалик захира йўналиш ташкил этилди”, деб ёзган у Telegram-каналига.
Киев эса Қримни қайтариб олмоқчи ва Россия ҳарбийларини бу ҳудуддан чиқариб юбормоқчи эканини маълум қилган. Херсон вилояти раҳбариятининг украиналик расмийси Юрий Соболевскийнинг айтишича, ҳужум "босқинчиларнинг ҳарбий моддий-техника таъминотига зарба” бўлган.
“Босқинчилар ва босқинчи давлатга психологик таъсир кўрсатиш жуда муҳим. Улар Херсон вилояти ҳудудида ўзларини хавфсиз ҳис қила олмайди”, дея таъкидлаган Соболевский.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Қрим кўпригининг Таман яримороли томонида юк машинаси портлатиб юборилган эди.
Севара Ҳусниддинова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь