Украина қанчалик узоқроққа зарба берса, уруш шунчалик қисқароқ бўлади – Сибига

Олам

image

Украина Қуролли кучларининг Россия ҳудудидаги ҳарбий объектларга узоқ масофали қуроллар билан зарбалар беришга рухсат этилиши урушни бурилиш нуқтасига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда кеча, 18 ноябрь куни Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилиши олдидан Нью-Йоркда Британия ТИВ раҳбари Дэвид Лэмми билан бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Сибигага кўра, АҚШнинг Киевга узоқ масофали қуроллардан Россия ҳудудида фойдаланишга чекловларни олиб ташлаши Украина учун ижобий таъсир кўрсатади. У бу қарорни фуқароларни ҳимоя қилиш учун зарур бўлган қонуний ҳуқуқ деб атаб, жанг майдонидаги вазиятни яхшилашга ёрдам беришини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Жо Байден Украинага Россиянинг Курск вилоятидаги операцияда қатнашаётган Украина Қуролли кучлари бўлинмаларини ҳимоя қилиш учун ўз ихтиёридаги ATACMS узоқ масофали ракеталаридан фойдаланишга рухсат бергани хабар қилинган эди. Кейинчалик, Украина Президенти Владимир Зеленский “The New York Times” газетасининг АҚШ Президенти Жо Байденнинг Россия ҳудудига узоқ масофали Ғарб ракеталари билан зарба беришга рухсат бергани ҳақидаги маълумотига изоҳ берган ва у бундай рухсат олганини тасдиқламаган.

Бу хабарларга жавобан Россия Ташқи ишлар вазирлиги баёнот бериб, агар Украина Россия ҳудудига ҳужум қилиш учун узоқ масофали ракеталардан фойдаланса, бу “АҚШ ва унинг сунъий йўлдошларининг Россияга қарши ҳарбий ҳаракатларда бевосита иштирок этишини” англатишини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг