Украина “денгиз болалари”ни ривожлантирмоқда (видео)
Олам
−
23 Октябрь 5307 3 дақиқа
Украина Хавфсизлик хизмати ўзининг янги авлод “денгиз боласи” деб номланган денгиз дронини намойиш этди. Янги дрон 1 500 километрдан ортиқ масофада ҳаракатлана олади ҳамда 2 000 килограммгача юк (такрибан аввалгидан икки баробар кўп) кўтара олади.
Бу такомиллаштиришлар Россия билан урушда тобора муҳим аҳамият касб этаётган учувчисиз қурол тизимларининг навбатдаги босқичи ҳисобланади. Ҳар икки тараф ҳам қуруқликда, ҳавода ва денгизда дрон технологияси бўйича устунликка эришиш учун мусобақалашмоқда.
Ҳаво дронлари кўп миқдорда ишлатилаётгани ва кучли вайрон қилувчи салоҳияти билан катта эътибор қозонган бўлса-да, Украина Қора денгизда кичик, тез ҳаракатланувчи дрон-қайиқлардан фойдаланиб, катта ҳарбий ютуқларга эришди.
Украина Россиянинг Қора денгиз флотини деярли нейтраллаштирди – бир нечта кема йўқ қилинди, қолганлари эса Қрим яримороли ва Украина соҳилидан узоқлашишга мажбур бўлди. Бу Киевга Европага йўналтирилган муҳим фуқаролик савдо йўлларини очиқ сақлаш имконини берди.
“Бизга савдо флотимиз ишлаши, ҳаракатланиши ва иқтисодиёт нафас олиши керак – шунда руслар уни назорат қила олмайди”, деди Украина хавфсизлик хизмати бригада генерали Иван Лукашевич.
Унинг таъкидлашича, Украинадаги денгиз дронлари фақат “камикадзе” типидагина эмас, балки уларга масофадан бошқариладиган кўп зарбали ракета тизимлари ва пулемётлар ҳам ўрнатилиши мумкин. Бу қуроллар душманнинг десант операцияларига ёки бошқа мақсадларга қарши қўлланилади.

Журналистлар учун номаълум жойда ўтказилган намойишда иккита кулранг денгиз дрони намойиш этилди – улар ракета қуроллари ва автоматлар билан жиҳозланган эди. Улардан бири сувда синов юришини амалга оширди, оператор эса дронни соҳилда туриб жонли эфир орқали бошқарди.
Украина Хавфсизлик хизмати маълум қилишича, уруш бошланганидан бери турли модификациядаги денгиз дронлари 11 та Россия кемасига зарба берган. Шунингдек, “денгиз боласи” дронлари илгари Қримни Россия материги билан боғловчи стратегик кўприкка қилинган ҳужумларда ҳам қўлланган.
Бошқа давлатлар Қора денгиздаги дронлар урушини диққат билан кузатмоқда, оламдаги бошқа сувларда ҳам қўллаш мумкин бўлган дарслар чиқармоқда ва текширмоқда.

Президент Владимир Зеленскийнинг 19 октябрь куни айтиб ўтишича, Украина ҳозирда ишлаб чиқарилаётган 4 000 та денгиз дроннинг ярмига эҳтиёж сезмоқда.
“Нега улардан 2 000 тасини ҳам шерикларга сотмаслик керак? Бу нормал. Компанияларга сотишни рухсат этинг”, деди Зеленский АҚШ билан Киевнинг потенциал дрон битими ҳақидаги музокаралари тўғрисида журналпистларга.
Лукашевич қайд этишича, намойиш этилган ҳар икки дрон ҳам жанг шароитида синовдан ўтган. Киев “денгиз боласи” дронлар технологиясининг руслар томонидан қўлга тушишига йўл қўймаслик мақсадида дронда ўзини йўқ қилувчи механизм жорий қилмоқда. Бироқ асосий мақсад – дронларни украин соҳилларига қайтариб олиб келиш ва уларни қайта-қайта ишлатишдир.
Live
Барчаси