Украина аямаяпти: Wildberries яна ҳужумга учради. Қурбонлар бор (видео)
Олам
−
04 август 6198 2 дақиқа
Бугун, 4 август куни Украина дронлари Москва вилоятининг Чехов шаҳридаги Wildberries омборларига ҳужум қилди. Оқибатда 5 киши ҳалок бўлди, яна 6 киши жароҳатланди. Бу ҳақда “Ukrinform” хабар берди.
Москва вилояти губернатори Андрей Воробьёвнинг маълум қилишича, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Москва вилоятига уюштирилган дронлар ҳужумини қайтарган.
“Бугун эрталаб ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Москва вилоятига уюштирилган дронлар ҳужумини қайтарди. Энг катта зарар Чехов муниципал округида кузатилди. Новосёлки саноат ҳудудида дрон зарбаси оқибатида бир нечта ёнғин юзага келди. Энг йирик ёнғин омборлардан бирида содир бўлди ва очиқ алангалар ўчирилди. Электр подстанцияси ва маъмурий бино ҳам зарар кўрди. Ёнғин-қутқарувчилар ва барча тезкор хизматлар воқеа жойида ишламоқда”, деган Воробьёв.
Губернаторнинг билдиришича, дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида 5 киши ҳалок бўлган, 6 киши эса жароҳатланган.
“Барча жабрланганларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда”, дея қўшимча қилган у.
Шунингдек, Воробьёвнинг айтишича, Сонечкова қишлоғида дрон парчалари хусусий уй ва автомобилга зарар етказган. У ерда юзага келган ёнғин ўчирилган, жабрланганлар қайд этилмаган.
Бундан ташқари, Москва вилоятининг Волоколамск, Клин, Чехов ва Серебряние Пруди туманлари осмонида дронлар аниқланаётгани, ҳужум давом этаётгани маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 3 август куни Украина Белгороддаги дронлар ишлаб чиқилган университетга зарба берган эди. Шунингдек, Владимир вилоятидаги Wildberries омборлари ҳам дронлар ҳужумидан сўнг ёниб кетганди. Бундан ташқари, Россиянинг Қора денгиз соҳилидаги Геленжик курорт ҳудудига Украина дронлари ҳужуми оқибатида 4 киши, жумладан, бир нафар бола ҳалок бўлган эди.
Live
БарчасиБлогер Азиз Ҳакимов 4 йилга қамалди
11 август
Путин ҳеч нарсадан қўрқмаслигини айтди
11 август